Ички ишлар идоралари рақамлашмоқда

Самарқанд вилояти ички ишлар бошқармаси оммавий ахборот воситалари вакилларини янги ташкил этилган бўлинмалар фаолияти билан таништириш мақсадида пресс-тур ўтказди.

Дастлаб, давлатимиз раҳбарининг 2024 йил 18 декабрдаги қарори ва Ички ишлар вазирлигининг 2025 йил 13 мартдаги буйруғи асосида фаолияти йўлга қўйилган вилоят ИИБ йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси маъмурий амалиёт маркази иши билан танишилди.

– Марказ шу йилнинг 7 апрелидан фаолият бошлади ва асосий мақсад йўл ҳаракати қоидабузарликларига доир ишларни ўз вақтида кўриб чиқиш ва қонуний қарор қабул қилиш, мазкур йўналишдаги мурожаатларни кўриб чиқишда фуқаролар сарсонгарчилигининг олдини олиш ва уларга қўшимча қулайлик яратиш ҳисобланади, – дейди Самарқанд вилояти ИИБ ЙҲХБ маъмурий амалиёт маркази инспектори Жасурбек Боймирзаев. – Авваллари фуқаролар маъмурий амалиёт билан боғлиқ масала бўлса, ўзлари яшаб турган жойдаги ИИБ йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматига мурожаат қилган бўлса, эндиликда қаерда бўлишидан қатъий назар ушбу марказларга мурожаат қилиб, масаласига шу ернинг ўзида ечим топиш мумкин. Бунинг учун маъмурий амалиёт маркази “ягона дарча”, Экстерриториал ва Open Space тамойиллари асосида фаолият олиб боради. Бу ерда 10 нафар офицер, 20 нафар сержант, 5 нафар сафдор ҳамда 5 нафар эркин ёлланган ишчи фаолият кўрсатмоқда. Марказда маъмурий ишларни кўриб чиқиш, маъмурий қарорлар ижросини таъминлаш, мурожаатлар билан ишлаш, ахборот технологиялари ҳамда туман, шаҳарларга хизмат кўрсатиш гуруҳлари ташкил этилган. Шунингдек, “Call centr” тезкор алоқа тармоғи ишга туширилган. Ҳозирда марказ ходимлари томонидан кунига 100-130 нафаргача фуқароларнинг турли кўринишдаги мурожаатларига ижобий ечим топилмоқда.

Шундан сўнг пресс-тур қатнашчилари Самарқанд шаҳар Мустақиллик маҳалласидаги ҳуқуқ-тартибот маскани фаолияти билан танишди.

Президентимизнинг 2025 йил 3 январдаги “2025 йилда республика маҳаллаларида хавфсиз муҳитни яратиш ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш тизими самарадорлигини янада ошириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори билан Самарқанд вилоятида криминоген вазият оғир ҳудудларда 15 та маҳалла ҳуқуқ-тартибот маскани ташкил этилиб, мазкур микроҳудудларда жамоат хавфсизлигини таъминлаш ва жиноятчиликнинг олдини олиш бўйича тезкор ҳаракатланиш тизими йўлга қўйилди. Жумладан, Самарқанд шаҳрининг 4 ҳудудида шундай масканлар ташкил этилган. Маскан штатлар тузилмасига ҳудуддаги маҳаллалар профилактика инспекторлари, хотин-қизлар масалалари бўйича, пробация, йўл ҳаракати хавфсизлиги ва патруль-пост хизматлари инспекторлари ҳамда тезкор-қидирув хизмати ходими киритилиб, уларга бош инспектор бошчилик қилади. Миллий гвардия қўриқлаш бўлинмаларининг нарядлари ҳудудда доимий равишда хизмат олиб боради.

– Мустақиллик маҳалласида жойлашган ҳуқуқ-тартибот маскани ҳудуддаги 6 та маҳалланинг 14500 дан ортиқ аҳолиси хавфсизлиги, осойишталиги учун масъул ҳисобланади, – дейди маҳалла ҳуқуқ-тартибот маскани бош инспектори Ҳайдар Ҳамроқулов. – Бу ерда инспекторлар учун ҳар томонлама қулай шароит яратилган, “Дамас” хизмат автомашинаси ва скутер берилган. Маҳалларнинг кириш ва чиқиш жойларида ўрнатилган 16 та камера масканга ҳам вилоят ИИБдаги тезкор бошқарув марказига уланган. Умуман, ҳозирда олти маҳаллада 50 дан ортиқ кузатув камералари ўрнатилган бўлиб, бу воситалар жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш, профилактик ишлар кўламини янада кенгайтириш, хизмат самарадорлигини оширишда ижобий аҳамиятга эга бўлмоқда. Маскан фаолиятининг йўлга қўйилиши билан қисқа вақтда ҳудудда ўндан ортиқ жиноятнинг олди олинди, нотинч оилалардаги муҳитни соғломлаштиришга эришилди ҳамда профилактик ҳисобда турган фуқаролар билан ишлаш тизими такомиллаштирилди.

Таъкидлаш лозимки, бугунги кунда ички ишлар органлари фаолиятида рақамли технологиялардан кенг фойдаланиш орқали очиқлик ва самарадорлик таъминланмоқда. Видеокузатув тизимлари, электрон мурожаат платформалари ва “Хавфсиз ҳудуд” дастури доирасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар ҳуқуқбузарликлар ва жиноятларни “иссиқ изида” аниқлаш имконини бермоқда.

Самарқанд вилоят ички ишлар бошқармасидаги Тезкор бошқарув маркази фаолияти бунга яққол мисол бўла олади.

Вилоят ИИБ бошлиғи, полковник Раҳмат Маматов пресс-тур иштирокчиларига мазкур марказ фаолияти ҳақида гапириб бериб, вилоятда жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва эрта аниқлаш, хавфсизлик ва жамоат тартибини сақлаш, содир этилган жиноятларни тезкор аниқлашдаги аҳамиятига эътибор қаратди.

– Марказ 2018 йилда ташкил этилган бўлиб, вилоятдаги 1385 та объект кузатувга олинган ва 2766 та кузатув камералари бу ерга интеграция қилинган – деди Р.Маматов. – Бу камераларнинг 871 таси инсонни юзидан таниб олувчи, 156 таси автомашина рақамларини таниб олувчи воситалар ҳисобланади. Ўтган йил август ойидан Самарқанд шаҳрида “Хавфсиз шаҳар платформаси” ишга тушган бўлиб, жорий йилнинг ўтган даври мобайнида “Қалқон” тизими орқали 39 нафар қидирувдагилар, 15 нафар бедарак йўқолганлар, 7 нафар тезкор қидирув эълон қилинганлар, 25 та қидирувдаги автомашиналар, 8 нафар пробация чекловини бузганлар аниқланиб, 228 та йўқолган буюмлар топилишига ва 86 та жиноятлар “иссиқ изида” очилишига эришилди. Яхши биласизлар, кейинги йилларда Самарқандда ҳар йили кўплаб халқаро тадбирлар ўтказилмоқда, нуфузли делегациялар ташрифлари амалга оширилмоқда. Ушбу жараёнларда мазкур марказ фаолияти аҳамияти, айниқса, жуда катта бўляпти. Шаҳарнинг ҳар бир нуқтаси, йўллар, йирик объектлар, тарихий-маданий ёдгорликлар шу ердан туриб кузатилади, керак бўлса, ҳар бир транспорт воситаси, ҳар бир шахс ҳаракатларига эътибор қаратилади. Ана шу имкониятлар туфайли биргина жорий йилнинг ўтган даврида 100 га яқин сиёсий, 500 та маданий ва 400 дан ортиқ спорт тадбирлари жамоат тартиби сақланган ҳолда, турли фавқулодда ва нохуш ҳолатларсиз, осойишта ўтказилди.

Пресс-тур давомида иштирокчилар вилоят ИИБдаги “102” хизмати ва киберхавфсизлик бўлинмаси фаолияти билан ҳам яқиндан танишди.