“Онамга олтин медал совға қилдим”

“Онам оддий уй бекаси. Унинг иши рўзғор юмушларидан ташқари биз фарзандларининг тарбияси, уйга вазифамизни бажаришга кўмаклашишдан иборат. Бугун мактабни аъло баҳоларга битирганим учун менга олтин медал берилди. Мен уни онамга совға қилдим. Кўзида ёш билан қабул қилди”.
Бу гаплар Самарқанд шаҳри Қорасув массивидаги мактабларни олтин ва кумуш медалларга тамомлаган битирувчиларни тақдирлаш маросимида 81-мактабни тамомлаётган бир ёш йигит томонидан айтилди.
Тадбирда ҳудуддаги 80-мактабнинг 4 нафар, 81-мактабнинг 9 нафар битирувчиси олтин медал билан тақдирланди.
- Бу ўқув йилида таълим муассасамизни 158 нафар битирувчи тамомлаш керак эди, - дейди мактаб директори Оловиддин Очилов. – Бироқ бир нафар ўқувчимиз таълимни етарли даражада ўзлаштиролмаганлиги учун синфдан синфга қолди. 157 нафар ўқувчи мактабни муваффақиятли тамомлаб, уларнинг 9 нафари олтин медал билан тақдирланди. 100 нафар битирувчи фан ва тил билиш сертификатларига эга бўлиб, уларнинг 2 нафари муддатидан олдин халқаро олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилинди.
- Ўқувчилик давримда тил билиш бўйича IELTS сертификатига эга бўлдим, - дейди Севинч Қурбонова. – Натижада халқаро университетга муддатидан олдин ўқишга кириш имконига эга бўлдим. Бугун олтин медал билан тақдирланишим мактабда эришган энг катта ютуқларимнинг биридир.
Вилоятимиздаги умумий ўрта таълим мактабларини 51 минг 43 нафар битирувчи тамомлаган бўлса, уларнинг 353 нафари кумуш, 1860 нафари олтин медаль билан тақдирланди.
Дилноза Аҳмадова,
Фазлиддин Рўзибоев (фото+видео).