Журналистлар ўртасида ақл гимнастикаси беллашуви ғолиблари аниқланди

Бугун вилоят Матбуот уйида вилоятдаги ОАВ вакиллари ўртасида спортнинг шахмат ҳамда шашка турлари бўйича мусобақалар ўтказилди.

27 июнь - Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муносабати билан ўтказилган мусобақада 40 нафардан зиёд иштирокчи муросасиз баҳс олиб борди.

Мусобақалар натижасига кўра, шахмат бўйича “Овози Самарқанд” газетаси мухбири Зоҳир Ҳасанзода ғолибликни қўлга киритди.

Шашка бўйича ўтган баҳсда эркаклар ўртасида вилоят телевиденияси мухбири Абдусамад Ибрагимов, аёллар ўртасида “Зарафшон” газетаси мухбири Хуршида Эрназарова биринчи ўринни эгаллади.

Беллашувларда шахмат бўйича 16 ёшгача бўлган ёшлар ўртасида Бутунжаҳон олимпиада кумуш медали совриндори Али Қосимов шахмат сеанси ўтказди.

22 ёшли шахматчи ФИДЕ рейтингига кўра, стандарт йўналишида 2206, рапид йўналишида 2090, блицда 2114 кўрсаткичга эга ва ФИДЕ мастери. Шахмат бўйича Ўзбекистон чемпиони, халқаро турнирлар ғолиби ва совриндори бўлган.