“Ипак йўли” туризм ва маданий мерос халқаро университетида ЮНЕСКО кафедраси очилди

“Ипак йўли” туризм ва маданий мерос халқаро университетида “Ипак йўли моддий маданий меросини ўрганиш ва сақлашнинг долзарб масалалари” мавзусида биринчи халқаро илмий-амалий симпозиум бўлиб ўтмоқда.

ЮНЕСКОнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ҳамда “Ипак йўли” халқаро тадқиқот институти ҳамкорлигида ташкил этилган анжуманда Ипак йўли бўйида жойлашган 20 га яқин мамлакат реставратор ва олимлари, архитектура соҳасида фаолият юритаётган мутахассислар Ипак йўли моддий-маданий меросини тадқиқ этиш, таъмирлаш, музейлаштириш ва оммалаштириш борасида ўз тажрибаларини бўлишмоқда.

Анжуман очилишида ЮНЕСКОнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Сара Ношади, «Ипак йўли» туризм ва маданий мерос халқаро университети биринчи проректори Дилмурод Насимов, “Ипак йўли” халқаро тадқиқот институти директори, Мавлуда Юсупова иштирок этиб, симпозиум ишига муваффақият тилади.

Таъкидланишича, мамлакатимизда ҳозирги кунга кадар 8210 та моддий-маданий мероснинг кўчмас мулк объекти давлат муҳофазасига олинган бўлиб, шундан 4788 таси археология, 2265 таси архитектура объектлари, 625 таси монументал санъат асарлари, 530 таси диққатга сазовор жойлар ҳисобланади. Маданий мерос объектларини таъмирлаш жуда нозик жараён бўлиб, уларнинг таъмирлаш ва тиклаш ишларига ўз ишининг мутахассислари, яъни етук халк усталарини айнан ўзбек йўналишдаги салоҳиятли устозодалар ва хорижий мутахассисларн  жалб этиляпти. 

Бу борада Ўзбекистонда тарихий-маданий ёдгорликларни асраш, таъмирлаш ва реставрация ишлари жараёнида малакали кадрлар тайёрлаш мақсадида “Архитектура ёдгорликлари реконструкцияси ва реставрацияси” “Музейшунослик” ва “Археология” таълим йўналишлари бўйича бакалавр ва магистратура мутахассисликлари бўйича кадрлар тайёрланмоқда Шунингдек, мамлакатимизда маданий мерос объектларининг реставрация ва консервация ишлари билан бир қаторда, иқтисодиётнинг стратегик тармоғи сифатида ривожланиб келаётган туризм соҳасига инвестицияларни жалб этиш ва шу оркали сайёҳлар окимини ошириш ҳамда уларга сифатли сервис кўрсатиш асосий йўналишларидан бирига айлантирилмоқда.

- Самарқанд азалдан узоқ йиллик ўтмиши, бир неча асрлик тарихий обидаларга бойлиги билан ер юзининг сайқали бўлиб келган, - дейди Сара Ношади. – Шу боис илк халқаро симпозиумни кўҳна кентда ташкил қилдик. Мазкур анжуманда архитектура ва археология ёдгорликларини консервация, реставрация килиш ва музейлаштириш тажрибаси ҳамда мамлакатларининг моддий маданий меросини сақлаш ва оммалаштиришнинг замонавий усуллари мутахассислар томонидан муҳокама этилиб, энг яхши лойиҳалар Ипак йўли бўйида жойлашган мамлакатлар моддий маданий меросини сақлаб қолиш учун амалда татбиқ этилади. 

Конфереция дорасида “Ипак йўли” туризм ва маданий мерос халқаро университетида ЮНEСКОнинг Ипак йўли бўйлаб барқарор мерос туризми кафедраси очилди. 

- Ушбу кафедрани ташкил қилишдан мақсад Ипак йўли моддий маданий меросини, жумладан, мамлакатимиздаги моддий ва номоддий маданий мерос объектларини асраб-авайлаш ҳамда туризм икониятларини кенгайтиришдан иборат, - дейди ушбу кафедра ҳамраиси, тарих фанлари бўйича фалсафа доктори, доцент Мастура Сиддиқова -  Шунингдек, юртимизга келаётган сайёҳлар оқимини кўпайтириш, халқаро университетлар профессор-ўқитувчилари ҳамкорлигида кадрлар тайёрлаш, грант лойиҳаларни амалга ошириш ва туризм маҳсулотларини кўпайтириш режалаштирилган.

Анжуман икки кун давом этади ва олимлар томонидан Ипак йўли маданий мерос объектларини реставрация ва консервация қилиш, тасвирий ва безак санъати масалалари муҳокама қилиниб, тажриба алмашилади.