“Ипак йўли” туризм ва маданий мерос халқаро университети — профессор-ўқитувчиларнинг 70 фоизи хориждан таклиф этилган

Мазкур университетга ҳар йили Шанхай ҳамкорлик ташкилоти, Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги ҳамда Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашига аъзо мамлакатлар фуқароларига “Ипак йўли” туризм ва маданий мерос халқаро университети магистратура босқичида давлат гранти асосида таълим олиш учун 85 та ўрин ажратилади.
2022-2023 ўқув йилида Хитой, Россия, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Покистон, Ҳиндистон, Бангладеш, Озарбайжон, Беларус, Индонезия, Италия, Эрон, Малайзия, Афғонистон, Туркия каби давлатлардан ташриф буюрган талабалар “Туризм” (фаолият турлари бўйича), “Менежмент” (маданий, табиий ва аралаш мерос объектларини бошқариш”, “Археология”, “Ижодий саноат”, “Туризмда транспорт логистикаси”, “Музейшунослик, тарихий-маданий объектларни консервация қилиш, таъмирлаш ва сақлаш” магистратура йўналишларида таҳсил олишмоқда.
***
2018 йил 10 июнда Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар раҳбарларининг Хитойнинг Синдао шаҳрида бўлиб ўтган Саккизлик саммитида Президент Шавкат Мирзиёев томонидан тамаддунлар чорраҳаси – Самарқанд шаҳрида туризм соҳасида олий таълим муассасасини очиш ташаббуси илгари сурилган эди. Шундан сўнг Бунинг мантиқий давоми сифатида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 28 июндаги 3815-сонли қарори билан халқаро туризм соҳасида профессионал кадрлар тайёрлаш тизимини ташкил этиш ҳамда илмий-тадқиқот ишлари ва ижодий ишларни олиб бориш бўйича республиканинг ташаббусларини амалий рўёбга чиқариш, Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатларнинг тарихий ва маданий-гуманитар алоқаларини янада ривожлантириш мақсадида халқаро мақомга эга биринчи давлат университети – “Ипак йўли” туризм халқаро университети ташкил этилди. 2021 йилда мазкур олийгоҳнинг номи “Ипак йўли” туризм ва маданий мерос халқаро университети этиб қайта номланди.
“Ипак йўли” туризм ва маданий мерос халқаро университетида 2019-2020 ўқув йилидан бошлаб халқаро туризм соҳасида кадрлар тайёрлаш бўйича ўқитишнинг кредит-модул тизими қўлланилмоқда. Анъанавий таълимдан фарқли ўлароқ, кредит-модул тизими асосий урғуни мустақил таълим (катта ҳажмли топшириқлар, ўқув лойиҳалари ва бошқалар)га беради. Кредит-модул тизимининг бакалавриат йўналишида аудитория ўқув соатларига 30-40%, мустақил таълимга эса 60-70% ажратилган. 4 йил давомида жами 240 кредитни тўплаган битирувчиларга Ўзбекистон Республикасида олий таълим тўғрисидаги ҳужжат деб эътироф этиладиган, белгиланган намунадаги диплом берилади. Мазкур таълим даргоҳида ўқиш бакалавриатнинг кундузги таълим шаклида ва магистратура босқичида инглиз тилида олиб борилмоқда.
Айни пайтда “Ипак йўли” туризм ва маданий мерос халқаро университетида бакалавриат ва магистратура таълим йўналишларида жами 2670 нафар талаба таҳсил олмоқда. Ушбу олий таълим муассасасида 2021-2022 ўқув йилидан бошлаб республикада биринчи марта талабалик гувоҳномаси ўрнида талабалар ID картасини бериш жорий этилди. Бакалавриат ва магисратура босқичи талабаларига тақдим этиладиган мазкур ID карталарнинг ҳар бирида махсус ID рақам ва QR код қўйилган. Ҳар бир талабага ID рақам беришдан мақсад имтиҳонлар пайтида шаффофликни таъминлашдан иборат.
Университетнинг “ақлли кампус”ида мавжуд барча шарт-шароитлар талабаларнинг келгусида ўз соҳасининг етук кадрлари бўлиб етишишига хизмат кўрсатмоқда. Жумладан, 19678 та китобдан иборат замонавий кутубхона; 33 та видеопроектор, 2 та интерактив панел, 5 та инфокиоск, 4 та электрон минбар, 339 та компьютерга эга ўқув биноси; 300 Мбит/с тезликда ишловчи 30 та Wi-Fi қурилмаси; ўқув ишлаб чиқариш комплекси; унинг таркибидаги меҳмонхона, бар-ресторан, ошхона, спорт зал, чўмилиш ҳавзасидан профессор-ўқитувчилар ва талаба-ёшлар унумли фойдаланишяпти. Ўқув биносидаги 32 та аудиториянинг видеокузатув, йўқлама вазифасини бажарадиган юз орқали ҳисобга олувчи Face control қурилмалари ҳамда дарсларни онлайн тўғридан-тўғри узатиш ва кузатиб бориш учун махсус http://watcher.univ-silkroad.uz платформаси орқали аудио ва видео қурилмалар билан жиҳозланганлиги таълим сифатининг ошишига муҳим таъсир кўрсатмоқда.
Мазкур илм даргоҳига хориждан келтирилган инглиз, япон, хитой, немис, француз, араб, турк, озарбайжон, рус ва бошқа тиллардаги ноёб китоблар, қўлёзма асарлар келтирилган. Шунингдек, олийгоҳда “Atriuum Book Systems” платформасидан фойдаланиб келинмоқда. Бу платформанинг қулайлиги шундаки, китоблар китобхонга электрон тарзда китобхоннинг дастур томонидан бериладиган рўйхат рақамига ёзилади ва электрон почта орқали фойдаланиш муддати юборилади. Шунингдек, электрон кутубхонада 8100 га яқин тўлиқ матнли электрон адабиётлар жойлаштирилган.
Университет кампуси ҳовлисининг ўзига хос жиҳати ундаги очиқлик бўлиб, бино панжара ёки девор билан ўралмаган. Кампус ҳовлисига чиққанингизда, кўзингиз беихтиёр Оксфорд, Кембриж каби нуфузли хорижий олийгоҳларнинг талабалари сингари ям-яшил газонлар устида китоб ўқиётган ёки шахмат ўйнаётган ёшларга тушади. Яқинда Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатларнинг тош йўнувчилари ясаган 14 та ҳайкал университет кампусининг кўркига кўрк қўшди. Николай Карлиханов, Чандер Паркеш, Мажид Ҳагиги, Лаша Хидашели, Улжан Жаугашева, Хуршед Ҳусенов, Тамила Маматова, Дарибай Таджимуратов, Улаш Ураков, Тўлаган Ёрқулов, Қурбон Норхўрозов, Туркман Эсонов, Жасвандбек Анназаров, Ботир Ҳакимов каби маҳоратли ҳайкалтарошлар томонидан мармартошдан яратилган “Бирлик”, “Севимли ифори”, “Трансгуманизм”, “Ҳаёт гули”, “Тенгри – коинот тарихи”, “Ипакнинг туғилиши”, “Бахтли болалик”, “Қорақалпоқ келини”, “Куйловчи дарахт”, “Оҳанг”, “Карвон”, “Бирликдаги хилма-хиллик”, “Шахмат қироли” каби санъат асарларини томоша қилганингизда, ўзбек, рус, эрон, ҳинд, қозоқ, қирғиз, грузин, қорақалпоқ, тожик халқларига хос маданий мерос анъаналарининг нақадар бойлигини ҳис қиласиз.
Мазкур олийгоҳ профессор-ўқитувчилар таркибининг 70 фоизини чет элнинг етакчи олий таълим муассасалари ўқитувчилари ва битирувчилари ташкил этади. Жумладан, АҚШ, Хитой, Австралия, Япония, Франсия, Россия, Эрон, Туркия ва бошқа мамлакатлардан ташриф буюрган профессор-ўқитувчилар университетда халқаро таълим стандартлари асосида талабаларга туризм, менежмент, маркетинг, маданий мерос, музейшунослик, археология, маданиятшунослик фанлари ва хорижий тиллардан сабоқ беришмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 20 октябрдаги “Мамлакатимизда ўзбек тилини янада ривожлантириш ва тил сиёсатини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-6084-сонли Фармони ижросини таъминлаш мақсадида “Тиллар” кафедраси доценти Т.Султоновнинг ташаббуси билан университетда таҳсил олаётган хорижлик талабаларга “Хорижликлар учун ўзбек тили” фани ўқитилмоқда. Ўзбек тили дарсларида халқаро талабаларга ўзбек маданияти, ўзбекона урф-одатлар, миллий қадриятлар, бебаҳо маданий меросимизни ўргатиш орқали юртимизда туризм ва маданий мероснинг оламшумул аҳамиятини янада ошириш режалаштирилган.
Олийгоҳдаги кўплаб талабалар жаҳоннинг нуфузли олийгоҳларида ўқиш, ўқитувчилар малака ошириш юзасидан лойиҳаларни муваффақиятли ўтамоқда.
Жумладан, Университет профессор-ўқитувчилари ва талабаларининг хорижда стажировка ҳамда малака ошириш курсларида ўқитишнинг илғор технологиялари ва усулларини ўрганиши бўйича ҳам муайян ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, “Туризм менежменти” кафедраси мудири PhD Акмал Одилов “Капитал бозори орқали иқтисодиётга инвестициялар жалб қилиш: АҚШ тажрибаси” мавзусидаги илмий лойиҳаси орқали Америка Қўшма Штатларининг Колумбия университетида 1 йил мобайнида университет профессор-ўқитувчилари билан илмий изланиш олиб бориш ҳуқуқини берувчи умумий қиймати 13800 АҚШ доллари қийматига тенг грант ғолиби бўлди. Натижада А.Одилов 2022 йил 15 августдан 10 октябрга қадар Колумбия университетида малакасини ошириб, ўқитишнинг илғор технологиялари ва усулларини ўрганиб қайтди.
Университет талабалари шу пайтга қадар хорижий тиллардан инглиз, рус, хитой, немис, француз тилларини ўқиб келишаётганди. 2022-2023 ўқув йилидан бошлаб “Тиллар” кафедраси профессор-ўқитувчилари ташаббуси билан талабаларга танлов асосида япон, турк, испан, араб, корейс тилларини ҳам ўрганиш имконияти берилди. Айни пайтда ушбу кафедрада 10 та хорижий тил бўйича тўгараклар фаолияти мунтазам йўлга қўйилган бўлиб, тўгаракларда талабалар хорижий тиллар билан биргаликда, турли урф-одатлар ва маданиятларни ҳам ўрганишмоқда.
2022 йил 4 ноябрда БМТнинг Бутунжаҳон туризм ташкилоти (UNWТО) Бош котиби Зураб Пололикашвилининг “Ипак йўли” туризм ва маданий мерос халқаро университетига ташриф буюриши ҳамда университет ҳаёти ва таълим жараёни билан танишиши олий таълим муассасаси тарихидаги катта воқеа бўлди. Айниқса, UNWTO Бош котиби Зураб Пололикашвилининг талабалар учун меҳмон маърузаси билан иштирок этиши ва ёшларни қизиқтирган саволларга жавоб бериши туризм соҳасининг бўлғуси профессионал кадрларида касбга нисбатан бўлган мотивацияларини янада кучайтирди.
ТЎЛҚИН СУЛТОНОВ
“Ипак йўли” туризм ва маданий мерос халқаро университети доценти