Иқтисодчи олим Нафас Бозоровнинг издошлари кўп

Ҳаётимиз давомида мактабдан бошлаб, то олий таълим даргоҳини тугатганимизча кўплаб инсонлар устозлик қилади. Уларнинг ҳаммаси ҳам қалбимиздан чуқур жой олмайди. Аммо шундай инсонлар борки, улар сизга ҳам илмда, ҳам ҳаётда сабоқ бериб, ўз илмига бўлган муҳаббатни оширган, ўзининг ортидан эргаштирган. Академик Нафас Бозоров ҳам ана шундай фидойи устозлардан бири эди.
Нафас Бозоров олий даргоҳда иш бошлаган вақтидаёқ фан сирларини очиш, уларни ҳаётга тадбиқ этиш учун меҳр билан ўқиб ўрганиш зарурлигини ҳис этди. Уни ишлаб чиқаришда меҳнатни меъёрлаш ва ташкил этиш муаммолари қизиқтирарди. Ана шу мавзунинг ҳали ўрганилмаган қирраларини тадқиқ қилишга киришди. Тадқиқот жараёнидаги изланишларни дунё иқтисодиёти янгиликлари ва замонавий технологиялар билан бирга олиб борди. Ёнидаги шогирдларига ҳам ўз илмий қарашларини ўргатди, улардан ўрганди ҳам.
Таниқли иқтисодчи олим Нафас Бозоров қарийб 40 йил давомида илмий фаолият билан шуғулланиб келди. Шу йиллар давомида «Меҳнат самарадорлигининг иқтисодий моҳияти ва самарадорликни ошириш йўллари» мавзуида илмий изланишлар олиб борди. Натижада 155 та илмий ишлар яратилди. 4 та монография, кўплаб мақолалар чоп этилди. Шунингдек, у кўплаб услубий қўлланмаларнинг ҳам муаллифи бўлди.
Кўпгина халқаро ва республика миқёсидаги илмий анжуманларда маърузалари билан иштирок этди. Устознинг маънавий ва амалий кўмагида иқтидорли ёшлар фан номзодлиги ва докторлик диссертация ишларини муваффақиятли ҳимоя қилди.
Н.Бозоров 1997 йилда Халқаро ахборотлаштириш академияси аъзолигига қабул қилинган бўлса, 1999 йилда яна халқаро меҳнат ва бандлик академияси аъзоси ҳамда иккинчи марта академик унвонига сазовор бўлди. Оддий ўзбек олимининг халқаро илмий жамоатчиликда тан олиниб, машҳур бўлиши нафақат Самарқанд давлат унверситети инсон ресурсларини бошқариш кафедраси жамоасининг, балки бутун мамлакатимизнинг фахридир.
Бугунги кунда Н.Бозоровнинг шогирдлари у кишининг илмий изланишларини давом эттириб, мамлакатимизнинг барча жабҳаларида фаолият юритмоқда. Устознинг порлоқ хотираси, амалга оширган ишлари, шогирдларига ғамхўрлиги доим қалбимизда хотирланади.
Н.Арабов, профессор, Б.Бозоров, доцент.