Иқтисодий суд иш юритуви процессуал асослар такомиллашмоқда
Жорий йилнинг 1 апрелидан қонуний кучга кириши белгиланган Иқтисодий процессуал кодексда иқтисодий суд ишларини юритиш тартиби такомиллаштирилган бўлиб, апелляция ва кассация инстанциялари босқичида иш юзасидан юқори суд инстанцияси томонидан якуний қарор чиқариш кафолатлари мустаҳкамланган. Шу тариқа, фуқароларимизнинг судма-суд сарсон бўлиб юришига барҳам берилади.
Мисол учун, амалдаги Хўжалик процессуал кодексининг 170-моддаси иккинчи қисмида қайд этилган апелляция инстанцияси томонидан ҳал қилув қарорини бекор қилиш учун асос бўлиши ва ишни янгидан кўриш учун биринчи инстанция судига юбориш ҳолатлари белгиланган. 188-моддаси учинчи қисмида эса процессуал қонун бузилиш ҳолатлари, яъни суд ҳал қилув қарорини қабул қилишда қайси қонун ҳужжатига амал қилганлиги ҳал қилув қарорида кўрсатилмаганлиги, суд арз қилинган талаб бўйича қарор қабул қилмаганлиги кассация инстанцияси томонидан қуйи суднинг ҳал қилув қарорини бекор қилиши учун асос бўлиши ва ишни янгидан кўриш учун юборилиши мумкинлиги кўзда тутилган.
Янги Иқтисодий процессуал кодексда бу борада алоҳида норма киритилди. Унга кўра, апелляция ва кассация инстанцияларида биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорлари қайта кўриб чиқилишига суд ишида иштирок этмаган шахсларнинг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари тўғрисида ҳал қилув қарори қабул қилинганлиги сабаб бўлиши мумкин.
Орифжон НУРИМОВ,
вилоят иқтисодий суди судьяси.