Иши кўп, маоши оз
Ушбу соҳада фаолият юритаётган аксарият ходимлар иши кўплиги, тадбирлардан бўшамаслиги, лекин маоши камлигига қарамай, бу соҳани ташлаб кетолмаслигини айтади.
Улар маданият ходимлари. Вилоятда бу соҳада 3900 нафардан зиёд бошқарув, ижодий ва техник ходим ишлайди. Бугун уларни нима қийнаяпти, умуман, тизимда қандай ишлар амалга оширилмоқда, соҳадаги муаммо ва камчиликлар, келгусидаги режалар ҳақида вилоят маданият бошқармаси раҳбари Ориф Ҳайитов билан суҳбатлашдик.
- Ориф ака, яқинда Самарқанд шаҳар ҳокими ўринбосарлигидан вилоят маданият бошқармаси бошлиғи лавозимига тайинландингиз. Тизимда фаолиятингизни нимадан бошладингиз?
- Раҳбарлик – масъулият дегани. Ҳар бир раҳбар қайси соҳада ишламасин, ана шу масъулиятни ҳис қилиб, аввало, тизимдаги муаммо ва камчиликларни ўрганишдан бошлайди. Табиийки, мен ҳам соҳадаги мавжуд муаммо ва камчиликларни ўрганишдан бошладим. Бугунги кунда вилоятда 78 та маданият маркази, 1 та ихтисослаштирилган санъат мактаби, 32 та болалар мусиқа ва санъат мактаби, 4 та театр, “Ўзбекконцерт” вилоят бўлими, Ўзбекистон давлат филармонияси вилоят бўлинмаси, “Мақом” намунали халқ ансамбли, кўзи ожизлар кутубхонаси, шаҳар ва туман маданият бўлимлари фаолият кўрсатиб келмоқда.
Маданият тизимидаги асосий муаммолардан бири – бу кадрлар масаласи. Чунки соҳада ходимлар етишмайди, бунинг устига, кадрларнинг 52 фоизи, яъни 2 минг нафардан ортиғи ўрта махсус маълумотли. Ушбу муаммони ҳал қилиш ва бошқарма тизимидаги ташкилотларни олий маълумотли кадрлар билан таъминлаш бўйича амалий ишларга қўл урилган.
Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 28 апрелдаги “2022-2026 йилларда Самарқанд вилояти ҳудудларини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ва аҳоли турмуш даражасини янада яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида 2022-2023 ўқув йилидан бошлаб 2026 йилга қадар маданият ва санъат йўналиши бўйича олий таълим муассасаларига Самарқанд вилояти учун мақсадли (ҳар йили 100 тадан) квоталар ажратиш вазифаси белгиланган эди.
Ушбу қарор ижросини таъминлаш мақсадида Маданият вазирлиги ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан келишилган ҳолда вилоятга 100 нафар мақсадли квота ажратиш таклифи юборилди. Шунингдек, Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтининг филиалини очиш бўйича қарор лойиҳаси тайёрланяпти ва жорий йилги ўқув йилида филиални очиш режалаштирилган.
- Вилоятда 80 та маданият маркази бор, бугунги кунда уларнинг ҳолати қандай?
- Вилоятдаги 80 та маданият марказидан 62 таси ўз биносига эга бўлса, 18 тасида бино йўқ. Албатта, бу ҳам тизимдаги асосий камчиликлардан бири. Бироқ кейинги йилларда маданият марказларига алоҳида эътибор берилмоқда. Жумладан, 2023 йил 22 декабрь куни Республика Маънавият ва маърифат кенгашининг кенгайтирилган йиғилишида давлатимиз раҳбари маънавият ва маърифат, маданият, санъат ва ижод соҳаларида амалга оширилаётган ислоҳотлар натижадорлиги ва келгусидаги устувор вазифалар хусусида тўхталиб ўтди. Унга кўра, ҳар бир туман ва шаҳарлардаги намунавий маданият марказлари фаолиятини самарали ташкил қилиш мақсадида концерт томоша зали, кутубхона, кинозал ва тўгарак хоналари бўлган биттадан маданият марказларини қуриш ва таъмирлаш бўйича топшириқ берилди.
Вилоятда тасдиқланган манзилли рўйхат асосида вилоят ҳокимлиги ва ҳомийлар ёрдамида 16 та маданият марказини таъмирлаш белгиланган бўлиб, бугунги кунга қадар 3 та - Самарқанд шаҳридаги 5-, Пайариқ туманидаги 48- ва Ургут туманидаги 76-маданият марказларида қурилиш таъмирлаш ишлари якунланиб, фойдаланишга топширилди. Айни пайтда Булунғурдаги 12-, Нарпайдаги 37- ҳамда Оқдарёдаги 43-маданият марказларида таъмирлаш ишлари бошланган. Каттақўрғон шаҳар ва Қўшработ тумани ҳокимликлари томонидан таъмирланиши режалаштирилган маданият марказлари учун эса маблағ ажратилиб, лойиҳа ҳужжатлари тайёрланмоқда.
- Маданият ходимларининг аксарияти маоши камлиги ва норасмий тадбирларга чақирилиб, ҳақ тўланмаётганидан нолийди. Бу қанчалик тўғри?
- Бу бор гап. Маданият ходимларининг маоши кам ва айрим вақтларда ташкилотлар томонидан ташкил қилинган оммавий-маданий ва концерт-томоша тадбирлари ҳамда касб байрамларини ўтказишда маданият бўлимига овоз кучайтириш мосламалари, санъаткорлар ва бошловчиларни жалб қилиш вазифаси юкланади. Бу эса маданият ва санъат ходимларининг бошқа ташкилотлар учун бепул хизмат кўрсатишига ва уларнинг ўринли эътирозига сабаб бўлади. Аммо мазкур ҳолат бўйича ташкилотларнинг буюртмаларига асосан кўрсатиладиган барча маданий хизматлар ҳақ эвазига тузиладиган шартнома асосида ўтказилиши белгилаб қўйилган.
Давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 26 майдаги “Ўзбекистон Республикaси Мaдaният вaзирлиги фaолиятини тaкомиллaштириш чорa-тaдбирлaри тўғрисидa”ги қарори маданият соҳасида фаолият юритаётган ходимларнинг бу каби муаммоларига ечим бўлди, дейиш мумкин. Қарорга кўра, Маданият вазирлиги марказий аппарати ходимлари ҳамда ҳудудий маданият бошқармалари, туман ва шаҳар маданият бўлимлари ходимларига кўп йиллик меҳнати учун рағбатлантириш коэффициентини ҳисобга олган ҳолда, лавозим маошига белгиланган коэффициентларда ҳар ойда қўшимча пул тўлаш тартиби жорий этилди.
Шунингдек, 2022 йил 1 январидан бошлаб давлат бюджети маблағлари ҳисобидан Маданият вазирлиги марказий аппарати ходимларининг Ягона тариф сеткаси бўйича меҳнатга ҳақ тўлашнинг тасдиқланган разрядларига мувофиқ, лавозим маошини белгилашда тариф коэффициенти – 1,4 бараварга, ҳудудий маданият бошқармаларида – 1,2 бараварга оширилган миқдорда қўлланиладиган бўлди.
Бунда Маданият вазирлиги, ҳудудий маданият бошқармалари, туман ва шаҳар маданият бўлимлари ходимларини Маданият вазирлигининг бюджетдан ташқари жамғармаси маблағлари ҳисобидан қўшимча рағбатлантириш улар фаолиятининг натижадорлиги ва эришилган ютуқларга қараб амалга оширилиши белгилаб берилди.
- Кейинги пайтда маданият ходимларининг маҳаллаларга гастрол сафарлар уюштириши камайиб кетди. Бунга сабаб нима?
- Жорий йил вилоятда бундай тадбирларни ташкил этиш бўйича ташкилотлар билан ҳамкорликда календарь-режа тайёрланди ва тасдиқланди. Унга кўра, шартнома қилинган ташкилотлар томонидан белгиланган миқдорда маданият ходимларига хизмат ҳақи тўлаб берилмоқда. Мисол учун, жорий йилнинг ўтган даврида Ўзбекистон давлат филармонияси вилоят бўлинмаси томонидан 119 миллион сўм маблағ эвазига жойларда 35 дан ортиқ маданий-маърифий тадбирлар ва концерт томошалари ўтказилди. Аммо ҳамма ташкилотлар ҳам маданият ва санъат бўлимлари билан ҳамкорликни йўлга қўймаган. Шу боис, ҳудудларда гастрол сафарлар камайиб кетган. Масалан, битта ҳудудга бориб театр томошаси ёки концерт қўйиш учун турли декорация ва медиа ускуналар, ижодий ходимларга машина, кийим-кечаклар керак бўлади. Буларнинг ҳаммаси эса маблағ билан боғлиқ. Бу борада туман ва шаҳар ҳокимликлари, таълим муассасалари ва ташкилотлар масъуллари фаоллик кўрсатса, мақсадга мувофиқ бўларди.
- Жорий йилнинг ўтган даврида қандай ютуқларга эришилди ва йил охиригача нима ўзгаришлар бўлади?
- Жорий йилнинг ўтган даврида маданият соҳасида бир қанча ютуқларга эришилди. Жумладан, биргина Булунғур тумани маданият бўлими қошида фаолият кўрсатиб келаётган «Чавқи» фольклор-этнографик ансамбли Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган «Она замин оҳанглари» республика кўрик-танлови ҳамда Сурхондарё вилоятида ташкил этилган «Бойсун баҳори» халқаро фольклор фестивалида иккинчи ўринни қўлга киритди. Шунингдек, Марказий Осиёда биринчи марта ягона павильонда тасвирга олинган Самарқанд ҳокими, саркарда ва Регистон ансамбли асосчиси Ялангтўш Баҳодир ҳақидаги тарихий фильм суратга олинди.
Президентимизнинг вилоятимизга ташрифи чоғида берилган топшириғига асосан, Маданият вазирлиги билан маданият ва санъат соҳасини ривожлантириш бўйича «Самарқанд тажрибаси»ни яратиш бўйича концепция лойиҳаси ишлаб чиқилди. Жумладан, Самарқанд шаҳридаги Қорасув массивида “AGROMIR BULDINGS” МЧЖ томонидан «Марҳабо талантлар» хамда Нарпай тумани Саловат маҳалласида «MAROQAND SIFAT» кластерининг ташаббуси билан умумий қиймати 7,5 миллиард сўмлик янги намунадаги маданият маркази қуриш лойиҳаси тайёрланди. Ушбу маданият маркази 400 ўринли концерт зали, 9 турдаги мусиқа ва санъат йўналишидаги тўгараклар, компьютер, хореография, “Book cafe”, овоз ёзиш студияси ва караоке фаолияти йўлга қўйилади.
Фазлиддин Рўзибоев суҳбатлашди.