Ишламаган... тишламасин-да! Оби-раҳматлик Хуррам бобо Муродовнинг деганлари

Худонинг инояти билан минг ой умр кўрдим, иккита тузумни бошдан ўтказдим, ўндан зиёд давлат раҳбарлари сиёсатига гувоҳ бўлдим. Шу сабабдан авлодларимга бир сўз айтишга маънавий ҳақим бор, деб ўйлайман. Яна ҳам аниқроқ қилиб айтадиган бўлсам, жамиятимизда менга ўхшаганларнинг ибратига, сўзига эҳтиёж кучайганини сезяпман. Шунинг учун сизларга 83 ёшли тақдиримнинг ўзим таскин олган томонларини айтиб бермоқчиман.

Самарқанд шаҳридаги Оби-Раҳмат маҳалласида туғилдим, ўсдим, отам Қудрат чармгар касбини эгаллаб кам бўлмадим. Ҳозирги ёшлар қўлига диплом олгач ёки бир касбни эгаллагач дабдурустдан ҳамма эҳтиёжини қондирадиган маош талаб қилишяпти. Биз эса... аввалига кунўтарига, кейинчалик рўзғор тебратишга ишлаганмиз, чунки бойлик орттириш тўғрисида ҳатто хаёл қилмаганмиз. Ортиқча пул инсон руҳиятига салбий таъсир кўрсатишини билганмиз. Буни отамиз, онамиз мисоллар билан қулоғимизга қуйишган.

Мен қарийб 70 йил чармгарлик қилдим. Терини аҳолидан териб келдик, уни ошладик, пиширдик, бўядик, Сиёб ариғи бўйида тозалаб ювиб, чармдан маҳси ва бошқа пойабзаллар тикдик. Ҳар куни бир ишни қилсак-да, қаноат айладик, касбимиздан завқландик. Мана бугун ана шу заҳматларим мевасини кўриб турибман: касбдошларим ардоғидаман, оиламдан розиман, ҳаётимдан кўнглим таскинда.

Албатта, ҳар кимнинг таскини ҳар хил. Биров мансабга миниб, биров катта давлат тўплаб, биров боласини лавозимга қўйиб ҳузур қилади, бахтим шу деб ўйлайди. Аммо мен учун ўз қишлоғимда, маҳалламда юзимнинг ёруғ бўлиши, фарзандларим камолини кўришим доимо энг катта бахт бўлган. Турмуш ўртоғим Зуҳрахон билан (жойлари жаннатдан бўлсин, 2007 йилда вафот этди) тўрт ўғил, уч қизни ана шу ниятлар билан вояга етказдик. Биз учун ўғил-қизларимизнинг бирор касбни эгаллаши, халққа хизмат қилиши ҳамиша ғурур бағишлаган. Негаки, касби бор одам бировга муттаҳам бўлмайди, элга фойдаси тегади. Мен буни ўз тақдирим мисолида кўрдим.

Хотиним билан қанча кўп ишласак, фарзандларимиз ёнимизда туришди. Зуҳрахон Галаосиёнинг энг моҳир новвойларидан бири эди. Хамир қорса, чой узатдим, нон ёпаман деса, тандирини қиздирдим. У ҳам менга чармларни саралашда, тайёр маҳсулотни сотишда кўмаклашди. Фарзандларимнинг ҳаммаси чармгарлик билан новвойликни ўз иқтидорига яраша ўзлаштириб олишди. Муҳими, онаси ва менинг ёрдамимда рўзғордаги барча ишларни ўзлари қилишни ўрганишди.

Бугун катта ўғлим Илҳомжон Самарқанд кулолчилик мактабининг забардаст вакили, Бадиий академия аъзоси. Яқинда Москвада «Тюбетейка» («Дўппи») фестивалидан дунё ҳунармандлари қаторида иштирок этиб, обрў билан қайтди. Сал олдинроқ Фарғонада ўтказилган “Халқаро ҳунармандчилик фестивали”да ҳам совриндор бўлди. 2019 йилда «Ташаббус-2019» кўрик-танлови ғолиблигини қўлга киритди. Айтингчи, қайси ота ўз фарзандининг ана шундай ютуқларидан қувонмайди?!

Фақат бугина эмас, Илҳомжон ўғли Меҳрожни ҳам ўз мактабида тарбиялай олди. Бу неварамда ташаббускорлик, фикрлаш кучлироқ, илми ҳам ёмон эмас. Айниқса, миллатимиз тарихига муҳаббати ниҳоятда кучли. Қачон қараманг, кулолчиликка оид китобларни варақлаб ўтиради. У ҳам Бадиий академия аъзоси, бундан ташқари Осиё ва Тинч океани ҳунармандлар ассоциацияси аъзоси ҳам. 2019 йилда Москвада, ундан кейин Бишкекда “Ҳунармандлар халқаро фестивали”да иштирок этган.

Меҳрожнинг орзулари ниҳоятда улуғ. У чармгарликнинг мен улгурмаган соҳаларини қилмоқчи. Яъни, сифатли чармдан китобларга муқова ясашни йўлга қўймоқчи. Ёнимизда Зариф Муҳторовнинг Самарқанд қоғози фабрикаси бор. Улар ўзаро келишиб, энди яхши китобларга чиройли, бежирим ва узоқ вақт сақланадиган чарм муқовалар ясаш устида ишлашяпти. Меҳрож бунинг учун бошқа давлатлар тажрибаларини ўрганяпти.

Дарвоқе, Меҳрожнинг ўғли Темур Илҳомов кулолчилар сулоламизнинг учинчи авлоди ҳисобланади. У ҳали 3-синфда ўқийди. Лекин аллақачон «Моҳир қўллар» республика танловида ғолибликни эгаллаб, бобоси ва отаси касбига даъвогарлик қиляпти. Яна бир ўғлим Икром ошпаз, уни нафақат Самарқанд шаҳрида, бошқа вилоятларда ҳам яхши танишади. Турли давлат тадбирларида, фестивалларда ош пиширади. Иброҳим эса машина устачилигини танлади. Фарзандлари билан техника воситаларига замонавий технология асосида хизмат кўрсатишни йўлга қўйган.

Қизларим ҳам, Худога шукрким, ота-она изидан боришди. Кенжа қизим Дилбар оилавий пойабзал цехи очган. Бир неча йилдан буён аҳолини ҳақиқий чармдан ясалган сифатли оёқ кийимлари билан таъминлаб келяпти. Ўғли Дамиржон дастлаб Тошкентдаги Турин университетини битириб, АҚШда пойабзал машиналарини ишлатиш ва созлаш бўйича мутахассисликка ўқиб келди. Насиб этса, онасининг ёнида туриб пойабзал фабрикасини ривожлантиради.

Ҳамма фарзандларим ва набираларим ҳақида гапириб ўтирмоқчи эмасман. Чунки улар ҳам ҳеч кимдан, давлатдан ҳам, маҳалладан ҳам, бегонадан ҳам ёрдам сўрашмайди. Чунки биз уларга меҳнат қилишни, меҳнат орқали рўзғорини бут қилишни ўргатганмиз. Аммо телевизор орқали (телефон ковлашга вақтим йўқ) айрим ношудларнинг билагида кучи, кўзида нури, тўрт-беш сотих ери, уч-тўрт нафар фарзанди бўла туриб давлатдан ёрдам сўраб турганини кўриб, тўғриси, хафа бўляпман. Нима учун биз ишёқмасни боқишимиз керак?! Нима учун биз тавсия этган ишга бормаган одам билан муроса қилишимиз керак?! Ахир бутун дунёда (ҳатто АҚШда ҳам) ишламаган, ишлашни истамаган одамларга мурувват кўрсатилмайди-ку!

Бугун давлатимиз раҳбари қимирлаган, озгина бўлса-да, меҳнат қилган одамга даромад қилиш имкониятини яратиб бердилар. Ўзини билган, ҳурматини сақлаган, қалбида шижоати бор одамлар ҳалол меҳнати билан рўзғорини бутлаяпти, бой бўляпти. Мен ана шундай юртдошларим билан фахрланаман. Ва уларнинг сафи кенгайиб боришини истайман.

Хуллас, мени фикрим шу: ишламаган... тишламасин!