Ишлаяпсизми, демак, икки йилда бир марта имтиёзли дам олишга ҳақингиз бор

Баъзида кўча-кўйда, тўй-маъракада ёки йиғилишларда касаба уюшмалари тўғрисида суҳбат очилиб қолса, “Касаба уюшмалари - санаторий ва оромгоҳларга йўлланма берадиган ташкилотми?” деб сўрашади.
- Аслида касаба уюшмалари фаолиятида бу каби ишлар кўлами кенг бўлиб, дам олиш учун йўлланма ажратиш ушбу ишларнинг бир йўналиши, холос, - дейди Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг вилоят кенгаши бўлим мудири Зариф Жозилов. - Ўтган йили Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг вилоят кенгаши томонидан 6 мингдан ортиқ ишчи-ходим ва уларнинг оила аъзолари имтиёзлардан фойдаланган ҳолда, 292 нафар ходим эса бепул соғломлаштирилди.
Шунингдек, 17 нафар уруш ва меҳнат фронти фахрийлари ҳамда собиқ байналминалчи, 2 нафар чернобилчи ходимлар бепул йўлланма билан таъминланди. 496 нафар ишловчи пенсионер ҳамда касаба уюшма аъзоларининг ота-оналарига имтиёзли йўлланмалар берилди. Қишлоқ хўжалиги соҳасида меҳнат қилаётган 18 нафар хотин-қиз ҳам санаторияларга бепул йўлланма асосида саломатлигини тиклади.
Бугунги кунда Федерация қошида 30 дан ортиқ санатория ва дам олиш масканлари фаолият кўрсатиб келмоқда. Барча санаторийлар қайтадан реконструкция қилиниб, замонавий тиббий жиҳозлар билан таъминланмоқда.
Имтиёзли дам олишни истаган ишчи-ходимлар учун ўзлари ишлаётган корхона ва ташкилотлардаги бошланғич касаба уюшмасига ариза билан мурожаат қилса бўлди.
Ишчи ва ходимлар касаба уюшма ёки ижтимоий суғурта бюджети маблағлари ҳисобидан йўлланма олишидан қатъий назар, унга икки йилда бир маротаба санаторийга йўлланма берилади. Шунингдек, бу йўлланмалар ходимнинг яқин қариндошлари, яъни ота-онаси, турмуш ўртоғи ва фарзандларига ҳам берилади.
Йўлланмалар уч хил тартибда берилади. Биринчиси, меҳнат ва уруш фахрийлари, байналминалчи жангчилар, Чернобилчи, олис ва чекка ҳудудларда яшовчи фарзандталаб ёш оила вакиллари ҳамда ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларнинг ишловчи вакиллари бепул йўлланма олиши мумкин. Иккинчи тартибда, ишчи-ходимлар ва уларнинг оила аъзолари йўлланма қийматининг 45 фоизини тўлайди.. Учинчиси, тўлиқ қийматда тўлов қилиш учун вилоят касаба уюшма кенгаши қошида ташкил этилган “Шуҳрат ороми” МЧЖга мурожаат қилиш лозим. Ушбу корхона томонидан ҳозирги кунда вақтинча ишламаётган фуқаролар ва чет давлатларда дам олишни хоҳловчилар учун санаторий йўлланмасининг тўлиқ қийматини тўлаб, ўз соғлиғини мустаҳкамлаш имконияти яратилган.
Касаба уюшмаси аъзоси бўлмаган фуқаролар ҳам бепул йўлланма олиши мумкин. Вақтинча ишсиз фуқароларга ҳамда имтиёзли табақа вакилларига, жумладан, ногиронлиги бўлган шахсларга ва ёшга доир нафақадаги фуқароларга Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги томонидан йўлланмалар бепул берилмоқда. Мазкур агентлик тизимидаги 11 та санаторийга навбатга олиш тизими Давлат хизматлари марказлари билан биргаликда ҳудудларда ташкил этилган “Инсон” ижтимоий хизматлар марказлари томонидан амалга оширилади.