Иштихонда бир аёлга етти “зўравон” тазйиқ ўтказмоқчи бўлди

Иштихон тумани Соҳибкор маҳалласида истиқомат қилувчи Ж.М. 7 нафар ҳамқишлоқлари хатти-ҳаракатидан норози бўлиб, туман ИИБга ариза билан мурожаат қилган.

Жорий йилнинг 27 май куни кечаси соат 01:00, 02:00 лар атрофида жабрланувчи Ж.М. уйининг деразаси очиқлигидан фойдаланган йигитлар маст ҳолатда аёлнинг шахсиятига тегадиган сўзлар орқали уни ҳақорат қилиб, руҳий тазйиқ ўтказган. Бундан ташқари, Ў.У. маъмурий жавобгарликдан сўнг ҳам руҳий босим ўтказишни давом эттирган. Шундан сўнг аёл қўрқув сабабли бир-неча кунгача уйидан қочиб, яшириниб юрган.

Ариза юзасидан туман ИИБ ходимлари томонидан суриштирув ишлари олиб борилганда, юқорида кўрсатилган фуқароларнинг хатти-ҳаракатида Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 183-моддасида кўрсатилган маъмурий ҳуқуқбузарлик аломатлари бўлганлиги сабабли ушбу фуқароларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 183-моддаси асосида ҳужжатлар тўплаб, МИБ Иштихон тумани судига юборилди. Суд томонидан ушбу фуқароларнинг хатти-ҳаракатига ҳуқуқий баҳо берилиб, уларнинг ҳар бирига маъмурий 10 (ўн) сутка қамоқ жазоси қўлланилди.

Ўзбекистон Республикасининг “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонуни ва Вазирлар Маҳкамасининг “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори ижросини таъминлаш мақсадида туман ИИБ хотин-қизлар масалалари бўйича катта инспектори лейтенант М.Примова ва Соҳибкор маҳалласи профилактика инспектори, лейтенант Р.Худойбердиев фуқаро Ж.М.га ҳимоя ордерини беришди. Яъни, бунда бир ой мобайнида аёл ИИБ назоратида бўлди.

Тазйиқ ўтказган шахслар Ў.У., И.Э., А.У., С.Б., Ш.С., Ш.Э., Ш.Б.ларга нисбатан ҳимоя ордери бўйича бир қатор чекловлар тасдиқланди. Туман ИИБ профилактика инспектори Ш.Нарзиев, Соҳибкор маҳалласи раиси А.Бобоев, мутахассис Ф.Собирова бу оилага мураббий этиб бириктирилди.

Айни дамда фуқаро Ж.М. ўз яшаш уйида онаси ва акаси билан яшамоқда.

Мунира ПРИМОВА,
туман ички ишлар бўлими хотин-қизлар масалалари бўйича катта инспектори.
Матлуба РАББИМОВА,
«Иштихон овози» газетаси мухбири.