Соғлиқни сақлаш вазири Иштихонда: Ҳудудда нималар ўзгаради?

Шу йил 7 май куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида соғлиқни сақлаш соҳаси бўйича ўтказилган видеоселектор йиғилишида бирламчи бўғинда тиббий хизматлар сифатини оширишга қаратилган янги тизим жорий этилиши ва Иштихон тумани бу борада пилот ҳудудга айлантирилиши белгиланган эди.
Шундан келиб чиқиб, Иштихон туманида мазкур вазифалар ижроси юзасидан Соғлиқни сақлаш вазири Асилбек Худаяров бошчилигида мулоқот ўтказилди.
Танқидий-таҳлилий руҳда ўтган йиғилишда вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси масъуллари, Самарқанд давлат тиббиёт университети кафедра мудирлари, барча туман (шаҳар) тиббиёт бирлашмалари раҳбарлари ва оилавий поликлиника бош шифокорлари иштирок этди.
Дастлаб вазир янги тизимни амалга оширишга доир муҳим вазифалар хусусида сўз юритди.
- Бирламчи бўғинда ишларни тўғри ташкил этмай туриб, касалликларни эрта аниқлаш ва уларнинг олдини олиш қийин, — деди А. Худаяров. - Шу боис давлатимиз раҳбари бу борада олдимизга катта вазифалар қўйди. Унинг ижросини янги тизим асосида Иштихонда амалга оширамиз. Кейинчалик бу тажриба қолган туманларда ҳам жорий этилади.
Таъкидланганидек, бугун Иштихон бошқа ҳудудлар орасида қатор кўрсаткичлар бўйича ортда қолмоқда. Айниқса, тиббиётнинг бирламчи бўғинида кўрсатилаётган тиббий хизматлар сифатидан аҳоли рози эмас. Шу боис, аввало, янги тизим асосида тумандаги бирламчи тизим муассасаларининг моддий-техник базаси, тиббий жиҳозлар таъминоти ҳамда бино ва иншоотлар тўлиқ инвентаризациядан ўтказилиб, ўрганиш натижаларига асосан мавжуд камчиликлар бартараф этилади.
Шунингдек, тумандаги 62 та маҳаллада яшовчи қарийб 282 минг нафар аҳоли хатлов қилиниб, “маҳалла профили” шакллантирилади.
Сўнг 3-18 ёшли ўғил-қизлар онкогематологик, фертил ёшидаги аёллар перинатал ҳамда бачадон бўйни саратони, 40 ва ундан катта ёшдаги аҳоли кардиологик ҳамда қандли диабет скринингидан ўтказилиб, ҳар бир маҳаллага Самарқанд давлат тиббиёт университети профессор-ўқитувчилари, республика ихтисослаштирилган тиббиёт марказлари вилоят филиаллари ва туман (шаҳар) тиббиёт бирлашмалари раҳбарлари бириктирилади.
Зарур ҳолларда Бухоро, Навоий ва Қашқадарё вилоятлари соғлиқни сақлаш бошқармаси тасарруфидаги мобил маммограф ва офтальмологик комплекслар аҳолини тиббий кўрикдан ўтказиш ишларига жалб қилинади.
Йиғилишда I ва II гуруҳга мансуб аҳоли ўртасида тўғри овқатланиш, жисмоний фаоллик, зарарли одатларга қарши курашиш, касалликлар профилактикаси бўйича хонадонма-хонадон юриб, индивидуал тарзда ишлаш, ҳар бир маҳаллада “Саломатлик мактаблари”ни шакллантириш юзасидан масъулларга зарур топшириқлар берилди.
III ва IV гуруҳга кирган беморларнинг эса туман, вилоят, республика даражасида саломатлигини тиклаш, улар учун алоҳида соғломлаштириш режасини ишлаб чиқиш, оилавий поликлиникаларда энг кўп учраётган хасталиклар бўйича “бемор маршрути”ни жорий қилиш белгиланди.
Қолаверса, “Тиббиётда 90 кунлик ўзгаришлар” дастури бўйича тумандаги ҳар бир соғлиқни сақлаш муассасаси раҳбари ўз ҳудудининг тоза ва озода бўлиши, одамлар учун қулай санитария-гигиена шароити яратишга масъул экани қайд этилди.
Бундан ташқари, ҳар бир хонадон киравериши ҳамда ошхона ва ҳожатхона олдида қўл ювиш учун шароит яратиш, маҳалла, коллеж, техникум, мактаб ва боғчаларда “Тоза қўллар” дастурини амалга ошириш юзасидан тегишли раҳбарларга зарур топшириқлар берилди.
Шунингдек, йиғилишда соҳани рақамлаштириш, оналик ва болалаликни муҳофаза қилиш, тез тиббий ёрдам хизматини ривожлантириш каби қатор масалалар муҳокама қилиниб, уларнинг ижросини жадаллаштириш юзасидан аниқ чора-тадбирлар белгилаб олинди.