Тиббиёт ходимларининг хорижда малакасини ошириш ва қайта тайёрлашни ташкил этиш тартиби қандай?
Соғлиқни сақлаш вазирлигининг тегишли буйруғи билан тасдиқланган тартибга асосан:
Ходимларни хорижда малака ошириш (стажировка ўташ) ва қайта тайёрлаш таълим дастурлари бўйича юбориш хизмат сафарига тенглаштирилади.
Мутахассисларни етакчи хорижий олий таълим муассасалари ва марказларида ўқитишга юбориш учун соҳалар бўйича ҳудудлар кесимида устувор йўналишлар ўрганилади ва амалиётга татбиқ этилиши зарур бўлган янги даволаш-диагностика услублари ҳамда замонавий фан-техника ютуқлари рўйхати тузилади.
Бу рўйхат ҳар йили 15 октябрга қадар Тиббиёт ва фармацевтика ходимларининг малакасини баҳолаш марказига тақдим этилади ҳамда Ишчи орган уни онлайн платформага 25 октябрга қадар жойлайди.
Танлов ҳақида вазирликнинг расмий ахборот каналларида эълон қилингач, номзодлар соҳалар ҳамда ҳудудлар кесимида устувор йўналишлар бўйича tibtoifa.ssv.uz ахборот тизими орқали электрон шаклдаги сўровномани тўлдиради.
Сўровномага қуйидаги ҳужжатлар илова қилинади:
✔️талабгорнинг иш стажи, олий ва ўрта махсус, профессионал таълим ташкилотларида ўқиганлигини тасдиқловчи маълумотномалари;
✔️тиббий ёки фармацевтик маълумоти (олий, ўрта махсус, интернатура, клиник ординатура, магистратура, илмий даража, қайта тайёрлаш) тўғрисидаги диплом (ҳужжат) ва/ёки хорижий таълим ташкилотида олинган олий маълумот тўғрисидаги диплом ёхуд олий маълумот тўғрисидаги ҳужжат (Ўзбекистон Республикасида тан олинганлиги тўғрисидаги) маълумотлари;
✔️тил билиш сертификати (мавжуд бўлса);
✔️малака ошириш, қайта тайёрлашга ўқишга қабул қилишга тайёр хорижий тиббиёт олий таълим муассасаси ёки тиббиёт маркази тақдим этган ҳужжат (расмий хат ёки бошқа ҳужжат);
✔️хорижда малака ошириш, қайта тайёрлашга ўқишга боришдан мақсад, ўқиш режаси, ватанга қайтиб келгач олинган билим ва кўникмаларни амалиётга татбиқ этиш режалари акс этган иншо (эссе);
✔️охирги 2 йил ичида Давлат бюджети ҳисобидан хорижда малака оширмаганлиги ҳақида номзоднинг тилхати.
Мутахассисларни ўқишга юбориш учун йилига камида икки марта вазирликнинг веб-сайтида танлов эълон қилинади, сўнг ҳужжат топшириш учун камида бир ой муддат берилади.
Аризалар 5 иш куни ичида кўриб чиқиш учун аттестация комиссиясига тақдим этилади.
Танлов натижалари масъул ташкилотларнинг веб-сайтида жойлаштирилади.
Таълим дастури тугалланганидан сўнг номзодлар таълим дастуридаги адабиётлар ва тарқатма материалларнинг электрон шаклини тақдим этади ва улар тиббиёт ходимлари фойдаланиши учун вазирликнинг электрон кутубхонасига жойлаштирилади.
Номзодга мутахассислиги бўйича қуйидаги:
а) малака ошириш таълим дастури бўйича – 3 йилдан кам бўлмаган;
б) қайта тайёрлаш таълим дастури бўйича – 5 йилдан кам бўлмаган муддатда тўлиқ бандлик асосида узлуксиз давлат тиббиёт муассасасида ишлаб бериш мажбурияти юкланади, дея хабар беради Соғлиқни сақлаш вазирлиги ахборот хизмати.