ССВ: Бир қатор вилоятларда соғлиқни сақлаш бошқармалари бошлиқларига интизомий жазо чораси қўлланилди
Соғлиқни сақлаш вазирлиги ахборот хизматига кўра, вазирликда тизимдаги муҳим масалаларга бағишланган танқидий-таҳлилий йиғилиш бўлиб ўтган.
Таъкидланганишича, кейинги йилларда мамлакатимиз тиббиёт тизимида бўлаётган ижобий ўзгаришларга қарамай, соҳада бюрократик тўсиқлар ва коррупциявий ҳолатлар учраб турибди. Аҳоли томонидан бўлаётган мурожаатларнинг аксарият қисмини тиббий хизмат кўрсатиш билан боғлиқ масалалар ташкил этмоқда.
Қолаверса, жойларда тиббиёт ходимларини ишга қабул қилиш, оналар ва болалар саломатлигини асраш, беморларга даволаниш учун имтиёзли йўлланмалар ажратиш борасида кўплаб коррупцион ҳолатлар кузатилмоқда.
Буларнинг аксарияти жойлардаги соғлиқни сақлаш соҳаси бошқарув тизимида фаолият олиб бораётган масъуллар томонидан муаммоли масалаларга ўз вақтида эътибор қаратилмаётгани ва унинг ечимига етарли даражада ёндашилмаётгани билан боғлиқ.
Йиғилишда бу ҳақда сўз юритилар экан, таҳлиллар асносида жойлардаги айрим раҳбарлар белгиланган топшириқларни бажаришда сусткашликка йўл қўяётгани ва коррупциявий ҳолатларнинг олдини олиш борасида зарур чоралар кўрилмаётгани жиддий танқид остига олинган.
“Шуларни инобатга олиб, ўз вазифасига масъулият билан ёндашмаганлиги боис вазирлик ва қатор вилоят соғлиқни сақлаш бошқармалари бошлиқларига интизомий жазо чораси қўлланилди”, дейилади вазирлик хабарида.