“Ислоҳотлар штаби” ҳудудлар истиқболини белгилайдими?

Президентимиз раислигида жорий йил 16 июнь куни ислоҳотлар натижадорлиги, ҳудудларда ишларнинг бориши ва аҳолини қийнаётган масалалар таҳлили бўйича видеоселектор йиғилишида жойларда соҳа мутасаддилари ва етакчи тадбиркорлардан иборат “Ислоҳотлар штаби” тузилишини билдирганди.
У орқали маҳаллалар кесимида лойиҳа, инфратузилма, молиявий манба, кадрлар масаласини қамраб олган уч йиллик дастур тайёрланади. Келгуси йил учун бюджет, инфратузилма, ишлаб чиқариш, хизмат, инвестиция ва бандлик дастурлари шу асосда тасдиқланади.
Нарпай туманида 230,5 минг аҳоли, 57 та маҳалла фуқаролар йиғини, 38,5 минг хонадон бор.
Туман йўлбўйи инфратузилмаси, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш саноати ҳамда мева-сабзавотни ривожлантириш, қишлоқ хўжалигига ихтисослашган.
Ушбу туманда туман ҳокими раҳбарлигида ташкил этилган штабга ҳоким ўринбосарлари, тумандаги таълим, тиббиёт, коммунал соҳа, маҳалла, бандлик, солиқ, тижорат банклари, маҳалла, ёшлар ва бошқа идораларнинг ҳамда 53 та маҳаллага бириктирилган ташкилот раҳбарлари жалб қилинган.
- Штабнинг асосий вазифаси туманни стратегик ривожлантириш ҳисобланади, - дейди туман ҳокимлиги бош мутахассиси, штаб котиби Сардор Арзиқулов. – Бунда иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази, Стратегик ислоҳотлар агентлиги, бошқа илмий-тадқиқот ва “ақл марказлари” ҳамда хорижий консалтинг компанияларининг таҳлиллари асосида туманда аҳоли ва тадбиркорлар кўтараётган муаммо ва таклифлар, ишга солинмаган захиралар, шунингдек, ҳар бир маҳалла кесимида мавжуд имкониятлар ва “ўсиш нуқталари” ўрганилади. Алоҳида танланган ҳудудларда “ўсиш нуқталари” (агротуризм, хизмат кўрсатиш, саноат зоналари, тураржой комплекслари, хусусий клиникалар) асосида мастер-режалар ишлаб чиқилади.
“Ислоҳотлар штаби”нинг туман котибияти, яъни бизга уч ойда туманнинг ҳар бир маҳалласи кесимида лойиҳа, инфратузилма, молиявий манба, кадрлар масаласини қамраб олган уч йиллик дастур тайёрлаш вазифаси топширилган. Бунда аҳоли учун муносиб турмуш шароитини яратишга қаратилган 5 та асосий масалага устувор аҳамият беряпмиз. Яъни, урбанизaция ва уй-жой, коммунал ва йўл-транспорт инфратузилмаси, истиқболли лойиҳалар, саноат зоналари ва даромадли иш ўринлари, ижтимоий соҳа объектлари, бозорлар ва савдо-кўнгилочар комплексларини ривожлантиришга эътибор қаратяпмиз. Ҳар бир маҳалла кесимида хомашё базаси, меҳнат ресурслари, инфратузилма таъминоти, логистика тизими ва “ўсиш нуқталари”ни ўз ичига олувчи “Бизнес харита”лар ишлаб чиқилмоқда. Туманда аҳолининг яшаш шароитини тубдан ўзгартира оладиган, саноат, қишлоқ хўжалиги ва хизматлар ҳажмларининг ошишига ёрдам берадиган истиқболли лойиҳалар шакллантирилмоқда.
Туманимиздан йирик автомобиль йўли ўтганлиги инобатга олиниб, савдо ва хизмат кўрсатиш, умумий овқатланиш соҳаларини ривожлантириш, шу соҳалар билан шуғулланувчи субъектларни кўпайтириш ва уларга кўмак кўрсатиш лойиҳалари амалга оширилади. Тижорат банкларининг туманга бириктирилган бўлимлари ҳар бир истиқболли лойиҳа учун салоҳиятли тадбиркорни топиб, лойиҳани молиялаштиради, консультант ва экспертларни жалб қилади, хомашё ва бозорга маҳсулотни оммалаштириш учун айланма маблағ билан таъминлашга кўмаклашади.
“Ислоҳотлар штаби” томонидан 2025-2027 йилларга мўлжалланган 20 та истиқболли йирик ва ўрта лойиҳалар шакллантирилди. Умумий қиймати 102,7 миллион долларлик лойиҳалар учун 45,6 миллион доллар тўғридан-тўғри хорижий инвестиция маблағлари жалб этилади ва натижада уч йилда 3372 та янги иш ўрни яратилади, йилига бюджетга қўшимча 73,9 миллиард сўмлик солиқ базаси яратилади. Мисол учун, "GREEN AKTIX" МЧЖ томонидан қиймати 2,5 миллион долларлик трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқариш лойиҳасида 300 та янги иш ўрни яратилади.
Йўналишлар кесимида оладиган бўлсак, саноат соҳасида қиймати 273,9 миллиард сўмлик 8 та, хизмат кўрсатиш соҳасида 859,3 миллиард сўмлик 7 та, қишлоқ хўжалигида 223,8 миллиард сўмлик 5 та лойиҳани ишга тушириш режалаштирилган.
Туманда тадбиркорликни ривожлантириш учун 4 та давлат мулки объекти, тадбиркорлик ва шаҳарсозлик фаолияти учун 8,8 гектар ер майдони аукцион савдосига чиқарилган. Халқаро автомобиль йўли бўйида қиймати 1,4 миллиард сўмлик 2 та лойиҳа доирасида 12 та иш ўрни яратиш, маҳаллаларда 20 турдаги 165 та хизмат шохобчалари ташкил этиш, 355 та ер участкаси К-савдо тизими орқали аукционга чиқариш режалаштирилган. Ишсизликни пасайтириш, аҳолини даромадли ишга жалб этиш бўйича 21,5 мингта мавсумий иш ўрни яратиш юзасидан маҳаллабай чоралар ишлаб чиқилган. Бунинг ижроси бўйича январь-июнь ойларида 11,5 мингта аҳоли доимий ва мавсумий ишларга жалб этилган.
- “Маҳалла еттилиги” ва тижорат банклари билан биргаликда 4845 та камбағал оила хатловдан ўтказилиб, тоифаларга ажратилди, - дейди Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси туман бўлими раҳбари Феруз Искандаров. - Йил якунига қадар ушбу оилалардаги 2 мингдан ортиқ фуқаро доимий ишга жойлаштирилади, 300 нафарига имтиёзли кредит, 48 нафарига ссуда асосида асбоб-ускуналар ажратилади, 1825 нафари тадбиркорликка жалб қилинади ҳамда 27 нафари касб-ҳунарга ўқитилади. Натижада йил якуни билан “Камбағалликдан фаровонлик сари” дастури доирасида 2215 та оила камбағалликдан чиқарилиб, камбағаллик даражаси 7,7 фоиздан 5,7 фоизга ҳамда ишсизлик даражаси 5,6 фоиздан 4,8 фоизга туширилади. “Сайхунобод тажрибаси” бўйича 1665 та лойиҳа шакллантирилиб, 3242 та иш ўрни яратилди. Шунингдек, “Яшил энергия” дастурлари доирасида 200 та аҳоли хонадонига 800 кВт, 2 та кўп қаватли уйга 20 кВт, 50 та ижтимоий соҳа объектига 620 кВт, 177 та тадбиркорлик субъекти биноларига 3060 кВтли қуёш панеллари ўрнатиш бўйича режалар ишлаб чиқилди. Йилнинг биринчи ярмида ушбу объектларнинг қарийб 60 фоизига қуёш панеллари ўрнатилди.
Ўрганишларда тиббий хизматга эҳтиёжи бор фуқаролар тиббиёт муассасалари томонидан зарур жиҳоз ва дори-дармон билан таъминланиб тиббий хизмат кўрсатилди.
“Ислоҳотлар штаби”га келиб тушган мурожаатлар қаторида аҳолининг маиший муаммолари кўпроқни ташкил этади. Шундай бўлса-да, бириктирилган масъуллар аҳолининг ҳар бир мурожаатини эътиборга олиб, ижобий ечим топиш чораларини кўради. Таклифлар доирасида хорижий инвесторларнинг лойиҳалари, тадбиркорга кўмаклашиш режаларини ҳам учратдик. Бу янги тизим ва кўпчилик аҳоли мурожаатларини қабул қилиш жойи сифатида келган бўлиши мумкин. Бироқ штаб ўзига билдирилган ишончни оқлаб, кўзланган мақсадни аниқ белгилаб, ҳудуднинг уч йиллик ривожланиш режасини тўғри ишлаб чиқа олса, истиқболда ишсизлик, бандлик муаммоларига ечим топилиб, тадбиркорликнинг ривожланишига ҳисса қўшади.
Ўктам Худойбердиев.