Исроил ва ҲАМАС якуний келишувга яқин. Германия мудофаа харажатларини оширишдан бош тортмоқда. Украина Россияга энг йирик ҳужумни амалга оширди
🔹 Ғарб ОАВлари хабар беришича, шу кунлари воситачилар – Қатар ва АҚШ орқали олиб борилаётган Исроил ва ҲАМАС музокараларида олдинга силжиш бор. Қатар Исроил ва ҲАМАС вакилларига ўт очишни тўхтатиш келишуви лойиҳасининг “якуний вариантини” топширган. Музокарачилар Трампнинг инаугурациясига қадар келишувга эришмоқчи.
🔹 "Москва Украина учун хавфсизлик кафолатларини муҳокама қилишга тайёр”, деди Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров. "Аммо масалани ҳал қилиш учун Евроосиё форматида каттароқ масалаларни келишиб олиш зарур". Доналд Трамп Украина инқирозини ҳал қилиш учун имкон қадар тезроқ Россия президенти Владимир Путин билан учрашмоқчи.
🔹 АҚШ Конгрессидаги республикачилар АҚШнинг сайланган президенти Доналд Трампга президентликка киришганидан сўнг дарҳол Гренландияни сотиб олиш бўйича музокараларни бошлаш имконини берувчи қонун лойиҳасини тайёрлади.
🔹 Германия канцлери Олаф Шольц сайловолди ташвиқотининг биринчи митингида Трампнинг ҳарбий харажатларни ошириш ҳақидаги чақириғига қарши чиқди. Трамп Европанинг НАТО аъзоларидан мудофаа харажатларини беш фоизга оширишни талаб қилган эди. Шольц НАТОнинг камида икки фоизлик ҳозирги мўлжалига содиқ қолади. 23 февраль куни Германияда Бундестагга муддатидан олдин сайловлар бўлиб ўтади.
🔹 Қозоғистон Миллий банки валюта айирбошлаш шохобчаларида нақд доллар ва еврони сотиб олиш ва сотиш курси ўртасидаги фарқни чеклайди. Янги чекловлар нақд пулсиз шаклда амалга ошириладиган биржа операцияларига таъсир қилмайди.
🔹 Арманистон бош вазири Никол Пашиняннинг собиқ сафдоши, депутат Овик Агазарян ҳукумат раҳбари яқин ойларда истеъфога чиқиши мумкинлиги, бу эса муддатидан олдин парламент сайловларига олиб келишини айтди. Эҳтимолий сайловлар муҳокамаси чоғида Агазарян ўзининг сиёсий партиясини ташкил этишини эълон қилиб, мамлакатда ҳокимият учун курашишга тайёрлигини маълум қилган.
🔹 Жо Байден АҚШ президенти сифатида ўзининг ташқи сиёсатидаги фаолиятини сарҳисоб қилмоқда. АҚШнинг 46-президенти ўз маъмуриятининг саъй-ҳаракатлари туфайли мамлакат жаҳон иқтисодий етакчилигини сақлаб қолгани, Хитой эса иқтисодий кўрсаткичлар бўйича ҳеч қачон АҚШдан ўзиб кетмаслигини айтди.
🔹 Шимолий Корея Япония денгизи томон номаълум ракета учирди.
🔹 Кеча тунда Украина турли дронлар ёрдамида Россиянинг бир қанча ҳудудларига энг йирик ҳужум уюштирди. Россия матбуотига кўра, 14 январга ўтар кечаси Россия ҳудуди узра 200 дан ортиқ дрон ва бешта ATACMS баллистик ракетаси уриб туширилган.
🔹 АҚШдаги ўрмон ёнғинлари натижасида етказилган иқтисодий зарар 250 миллиард доллардан ошган.