Исроилга ишга юбориш осон эмас
Самарқанд туманида яшовчи Дилдора Зубайдова пул топишнинг осон йўлини ўйлаб топди. У одамларни алдаб, пулини олиш учун шундай режа туздики, ташлаган қармоғига кўпчилик илинди.
У одамларни тузоғига илинтириш учун шундай гап тарқатди: Исроил давлатида онам ишлайди. Биз шундай ишни йўлга қўйдик, мен бу ердан ўз ҳисобимдан, яъни Исроил давлатига етиб бориши учун кетадиган 11 минг АҚШ долларини тўлайман. Онам у ерда мен юборган одамларни яхши ҳақ тўлайдиган ишларга жойлаштиради. 11 минг долларни эса онамга ойма-ой тўлаб бераверади. Фақат ҳужжатларни тўғрилашга озроқ харажат қилишади, холос.
“Эълон” тарқатилди, энди Дилдорада фақат кутиш қолди.
2018 йил ноябрь ойи бошларида Р.Ражабов танишларидан Исроил давлатига фуқароларни мўмай ҳақ тўлайдиган ишга юбораётган аёл ҳақида эшитиб қолади. Унда ҳам Исроил давлатига кетиш иштиёқи пайдо бўлиб, Дилдорани топди. У Исроил давлатига кетиши учун керак бўладиган ҳужжатлар рўйхатини кўрсатиб, шулар тайёр бўлгач 100 АҚШ доллари билан бирга олиб келишини билдирди. Икки кундан сўнг у Д.Зубайдова айтган ҳужжатлар ва 100 АҚШ долларини етказади. Д.Зубайдова унга ўзи қўнғироқ қилишини айтади. Кўп ўтмай Дилдора Рустамга қўнғироқ қилиб, Исроилга жўнатиши керак бўлган бир аёл оғир бетоб бўлиб қолганлиги, агар 200 АҚШ долларини берса, танишларига айтиб унинг ўрнига жўнатишини айтади. Ишнинг эртароқ битишини кўзлаган Рустам сўралган пулни ҳам беради. Бир йилдан зиёдроқ вақт ўтса-да, иши битавермагач, Рустам фирибгар тузоғига илинганини англайди.
Д.Зубайдованинг ўз ҳисобидан Исроилга ишга юбориш ҳақидаги ёлғони қурбонига айланган фақат Рустам эмас, унга ўхшаган яна 19 нафар фуқаро бор. Алданганларнинг ҳаммаси у ёки бу танишидан Дилдора ҳақида эшитиб, унинг ёлғонларига кўр-кўрона ишониб, ундан ёрдам сўраб келаверган. Дилдора эса бировидан 200, бошқасидан 300 доллар олиб, жами 4900 долларни фирибгарлик йўли билан ўзлаштирди.
Д.Зубайдова жиноий фаолияти давомида ҳаммасини пухта режалаштирди ва моҳирона бажарди. Аммо бир нарса ҳақида ўйламади – бир кун бу ишининг миси чиқиши ва қонун олдида жавоб беришини.
Бугун унинг барча қилмишлари фош бўлди. Фуқароларга етказилган зарар қопланди, ўзи эса қонун олдида тегишли тартибда жазосини олди.
Д.НУРАЛИЕВ,
Жиноят ишлари бўйича Самарқанд тумани суди судьяси.