Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Истанбулдан Бухоро ва Самарқанд шаҳарларига чартер рейслар йўлга қўйилади

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 13 августдаги туризм соҳасини жадал ривожлантириш тўғрисидаги фармони ижросини таъминлаш мақсадида Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳамда “Uzbekistan Airports” АЖ томонидан хорижий авиакомпанияларни жалб қилишга доир фаол иш олиб борилмоқда.

Таъкидлаш жоизки, Туркия авиаташувчи вакилларининг 8 ой давомида ўз ечимини кутаётган масаласи Ўзбекистон ва хориж давлатлари шаҳарлари ўртасидаги авиаташувларни ошириш йўлида кўрилган чоралар ҳамда “Uzbekistan Airports” АЖ саъй-ҳаракатлари билан ҳал бўлди.

Амалга оширилган ишлар натижасида масала ижобий ҳал бўлди ҳамда Туркиянинг “Atlasglobal Airlines” авиакомпаниясига парвозларни амалга ошириш учун рухсат берилди. Бу ҳақда Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси хабар берди.

Маълумот учун: “Atlasglobal Airlines” (2015 йилгача “Atlasjet Havacılık A.Ş” дея юритилган) — Туркиянинг Европа ва Осиё, шунингдек, мамлакат ичида мунтазам ва чартер йўловчи авиаташувларини амалга оширувчи авиакомпанияси ҳисобланади. “ETS Group”га тегишли ушбу авиакомпания Истанбулдаги янги аэропортда жойлашган бўлиб, Даламанда қўшимча хабга эга. Мавжуд маълумотларга кўра, Туркия авиакомпанияси журналист, блогер, туристик фирмалар раҳбарлари ва ходимлари, шунингдек, дин арбоблари ва олимларни жалб қилган ҳолда икки чартер рейсни амалга оширишни режалаштирган.

“Atlasglobal Airlines” Ўзбекистоннинг “Grand Atlas Discovery” компанияси кўмагида 31 октябрь – 4 ноябрда “Истанбул-Бухоро” ва “Самарқанд-Истанбул” йўналишидаги биринчи чартер рейсини амалга оширади. “IATA summer 2020” ёз мавсумидан бошлаб эса “Atlasglobal Airlines” авиакомпанияси томонидан зиёрат туризмини ривожлантириш мақсадида 50 та авиарейсни амалга ошириш режалаштирилган. Бунинг натижасида Ўзбекистонга 10 мингдан зиёд сайёҳнинг ташрифи кутилмоқда.