Италиянинг машҳур киноюлдузлари Самарқандда жам бўлди

Шаҳардаги "Шарқ юлдузи" кинотеатрида Ўзбекистон Кинематография агентлиги ва Миллий кинематографияни ривожлантириш маркази ҳамкорлигида N.I.C.E янги итальян фильмлари кинофестивалининг очилиш маросими ўтказилди.

Мазкур фестиваль 30 йилдан буён фаолият кўрсатиб, асосий мақсади, хорижда итальян фильмлари тарғиботидир.

Кинотеатр пойига тўшалган қизил гиламдан нафақат италиялик кино, балки машҳур эстрада юлдузлари ҳам ўтиб келишди.

Фестивалнинг очилиш маросимида Ўзбекистон Кинематография агентлиги раҳбари Фирдавс Абдухолиқов, N.I.C.E кинофестивали раҳбари Вивьяно Дель Бянко, "Евроосиёни ўрганамиз" халқаро ассоциацияси раҳбари Антонио Фаллико сўзга чиқди.

- Мазкур фестиваль Верона форуми доирасида, илк марта Самарқандда ўтказилмоқда, - деди Антонио Фаллико. -  Кино санъати халқларни бирлаштиришда катта аҳамиятга эга. Ушбу кинофестиваль қадим, ўз  тарихига эга бўлган навқирон шаҳарда ўтказилиши ҳам бежиз эмас. Флоренция ва Самарқанд биродар шаҳарлар. Одам ака-ука, яъни қариндош танлай олмайди, аммо дўстини танлаш, у билан доимий алоқаларни мустаҳкамлаш имконига эга. Ўйлаймизки, бизнинг дўстлигимиз санъат орқали янада мустаҳкамланади.

Фестивалда Италия киноижодкорлари томонидан яратилган "La Lunga Corsa" ("Узоқ пойга") фильми намойиш этилди.

Эслатиб ўтамиз, "Шарқ юлдузи" кинотеатрида тўрт кун давомида итальян фильмлари бепул намойиш этилади.

Фестивалга афсонавий қўшиқчи — «Felicita» қўшиғи билан машҳур бўлган Аль Бано, Матиа Базар қўшиқлари шукуҳ берди.