Ихтисослаштирилган мактабларнинг талаби қандай?

– Бугунги кунда республикамизда таълим 7 тилда (ўзбек, рус, қорақалпоқ, қозоқ, қирғиз, туркман, тожик) олиб борилади. Болани таълим рус тилида олиб бориладиган мактабда ўқишга жойлаштириш учун боланинг шу тилда эркин мулоқот қила олиши, оилада шу тилда кўпроқ мулоқотда бўлиши ҳисобга олинади. Таълим рус тилида олиб бориладиган мактабда бола маълумотларни қабул қилишда (лисоний) тил тўсиғига ва руҳий зўриқишга учрамаслиги зарур.

***

– Фарзандим бошланғич синфда ўқийди. Унинг қандай билим олиши, дарс жараёнида ўзини тутишини кузатмоқчиман. Аммо синф раҳбари бунга рухсат бермаяпти.

– Ҳеч қайси меъёрий ҳужжатда ота-онанинг дарсга кириш ёки кирмаслиги кўрсатилмаган. Агар дарсга кирсангиз, сизнинг бу ташрифингиз бошқа болаларга руҳий таъсир ўтказиши мумкин ("Нима учун унинг ота ёки онаси дарсда қатнашади, меники эса йўқ" каби). Лекин сиз фарзандингизни дарс мобайнида кузатишни хоҳласангиз, умумтаълим мактаби директоридан рухсат олиб, дарсга киришингиз мумкин.

Саволларга вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғи ўринбосари Қўлдош САИДОВ жавоб берди.

***

– Айрим сабабларга кўра, мактабнинг 9-синфини тугатолмай қолган фуқаро шаҳодатнома олиш учун нима қилиши керак?

– Ўзбекистон Республикасининг "Таълим тўғрисида"ги қонуни ва Вазирлар Маҳкамасининг 1998 йил 13 майдаги "Ўзбекистон Республикасида умумий ўрта таълимни ташкил этиш тўғрисида"ги қарорига асосан, Экстернат тўғрисидаги Низом тасдиқланган.

Ушбу низом талабларига кўра, турли сабаблар билан 9-синфни битирмаган, 16 ёшга тўлаётган ва ундан катта ёшдагилар умумий ўрта таълим дастурларини давлат таълим стандарти доирасида мустақил ўзлаштирганда экстернат тартибида аттестациядан ўтиш ҳуқуқига эга.

 

***

– Фарзандимни айрим фанлар чуқурлаштириб ўқитиладиган ихтисослаштирилган умумтаълим мактабига бермоқчиман.

– Вазирлар Маҳкамасининг 2008 йил 7 августдаги "Айрим фанлар чуқур ўрганиладиган давлат ихтисослаштирилган умумтаълим муассасалари фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида"ги қарорига асосан, ихтисослаштирилган умумтаълим мактабига 2-синфдан, ихтисослаштирилган умумтаълим мактаб-интернатига 5-синфдан ўқувчилар қабул қилинади.

Тегишли равишда ўқувчиларнинг ҳужжатлари 2-синфларга 1-31 июль, 5-синфларга 1-20 июль кунлари қабул қилинади. Ҳар йили 5-20 август кунлари ихтисослаштирилган умумтаълим мактабларининг 2-синфига ўқувчилар муассасадаги қабул комиссияси томонидан ўтказиладиган фанлардан ёзма ва оғзаки синовлар ҳамда Халқ таълими вазирлигининг ҳудудий органлари томонидан ўтказиладиган психологик-педагогик диагностика натижалари асосида танлаб олинади.

Ихтисослаштирилган умумтаълим муассасасининг (мактаб-интернатнинг) 5-синфига ўқувчилар Давлат тест маркази томонидан тегишли фанлар бўйича ўтказиладиган тест синовлари ҳамда Халқ таълими вазирлигининг ҳудудий органлари томонидан ўтказиладиган психологик-педагогик диагностика натижалари асосида қабул қилинади.

Тест синовлари ва психологик-педагогик диагностика синовларининг ҳар бири бўйича 70 фоиздан кам бўлмаган натижа кўрсатган ўқувчилар орасидан баллар рейтинги бўйича белгиланган квотага мувофиқ қабул қилинади.

***

– Ҳар йили қишда туманнинг чекка ҳудудидан келиб, бир ёки икки ой шаҳарда яшаймиз. Шу вақт давомида фарзандларимни шаҳардаги мактабда ўқитишим мумкинми?

– Мумкин. Бунинг учун аввало, сиз шаҳарда ўрнатилган тартибда вақтинчалик рўйхатдан ўтишингиз лозим. Вақтинчалик яшаш жойингиздаги маҳалладан маълумотнома билан шу ҳудуддаги умумий ўрта таълим мактабига мурожаат қиласиз.

Саволларга вилоят халқ таълими бошқармаси бўлим бошлиғи

Ориф ЮСУПОВ жавоб берди.