"Жадидчилик қадимчиликка нисбатан янги ҳаракат эмас!"

Филология фанлари доктори, профессор Ҳалим Саидовнинг Маҳмудхўжа Беҳбудий ҳаёти, ижоди, фаолияти, илмий ва дунёвий қарашлари ҳақидаги "Туркистон даҳоси" китоби нашрдан чиқди.

Тошкент шаҳридаги "Adabiyot" нашриётида чоп этилган китобда Туркистон жадидчилик ҳаракати раҳнамоси Маҳмудхўжа Беҳбудий фаолияти янги маълумотлар асосида ёритилган. Буюк маърифатпарварнинг биографияси, жадидчилик ҳаракати ва жадид адабиёти ривожида тутган ўрни ҳақида таҳлилий фикрлар билдирилган.

Муаллиф масалани "Жадидчилик қадимчиликка нисбатан янги ҳаракат эмас!" тарзида қўяди. Жадидчиликни ўша кезда дунёда содир бўлган ижтимоий-сиёсий, маданий-маърифий ҳаракатлар фонида тадқиқ қилган Ҳалим Саидов унинг исломчилик, туркчилик ҳаракатлари каби мустамлакачиликка қарши кураш ғоясини мужассам этган бўлса-да, миллий озодликка эришиш йўли орқали уларга нисбатан янгича эканини исботлаган.

Бундан ташқари, китобда Беҳбудийнинг дунёвий фанларни ўрганиш заруратини кун тартибига қўйиб, бу борада амалий натижаларга эришгани, "Падаркуш" драмаси маърифатни топтаган ҳар қандай жамият учун огоҳлик қўнғироғи экани, буюк адиб публицистикасининг ҳурриятга чорлашдаги аҳамияти, "Саёҳатнома"сининг қиммати каби масалалар чуқур таҳлил этилган.

Беҳбудий Туркистон мухторияти ғоясининг асосчиси экани, "Самарқанд" газетаси ва "Ойна" журналининг миллатни уйғотишдаги ўрни теран ёритилган.  Беҳбудий ва Қодирий муносабатлари тадқиқ қилинган.

Нурбой Жабборов,

филология фанлари доктори, профессор.