Жадидларни эслатиб туради
Республика Маънавият ва маърифат маркази Самарқанд вилояти бўлими жадидлар яшаган, айни пайтда уларнинг авлодлари истиқомат қилаётган маҳалла ва хонадонларда махсус пешлавҳалар ўрнатмоқда.
Жумладан, ҳозирда Саидризо Ализода номи билан аталувчи маҳаллада моҳир муҳаррир, таржимон, олим, маърифатпарвар Саидризо Ализода уй-музейида, Регистон маҳалласида улуғ ёзувчи ва шоир, олим Вадуд Маҳмуднинг фарзандлари Маҳмуди Ораш Вадудзода ва Маҳмуди Нажод Вадудзода хонадонида, Бешчинор маҳалласида жадидчилик ҳаракатининг сардори Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг эвараси Шоҳруҳ Беҳбудий яшаётган уйда, Ражабамин маҳалласида эса жадид аллома Абдуқодир Шакурий хотирасига шундай пешлавҳалар жойлаштирилди.
– Бу, аввало, жадидлар авлодларига бўлган ҳурмат-эътиборнинг бир кўриниши, қолаверса, бошқалар учун ибратдир, – дейди Маънавият ва маърифат маркази Самарқанд шаҳар бўлинмаси раҳбари Нигора Саъдинова. – Катта авлод вакиллари бу инсонларнинг халқ ва миллат маърифати, бирдамлиги учун қилган хизматларини билса-да, ёшлар яхши англамаслиги, уларнинг номини эшитган бўлса ҳам, қаерда, қандай ҳаёт кечирганини билмаслиги мумкин. Бу пешлавҳалар эса уларга “йўл кўрсатади”, билмаганларини ўрганишга даъват этади.