Жаҳолатга қарши маърифат билан курашилади

Вилоятимизда Дин ишлар бўйича қўмита ишчи гуруҳи томонидан “Жаҳолатга қарши маърифат билан курашамиз” ғояси асосида тарғибот тадбирлари бошланди.

Самарқанд шаҳридаги ёшлар марказида ташкил этилган шундай тадбирда вилоят бошқарма ва идоралар, корхона ташкилотлар масъуллари ва ходимлари, маҳаллалар фаоллари, нуронийлар ва ёшлар қатнашди.

Тадбирда сўзга чиққанлар юртимизда эътиқод эркинлигининг кафолатлангани ва диний соҳадаги ислоҳотлар, бир неча дин ва конфессиялар вакилларининг диний маросим ва анъаналарини эмин-эркин давом эттириб келаётганини таъкидлади.

Шу билан бирга илмсизлик, диний тушунчаларнинг етарли эмаслиги оқибатида юзага келаётган кўнгилсиз ҳолатлар қайд этилди.

– Жаҳолат бу фақат билимсизлик эмас, балки ҳақиқатни ўрганиш ва қабул қилиш истагининг йўқлиги ҳамдир, – деди Дин ишлари бўйича қўмита раисининг ахборот сиёсати бўйича маслаҳатчиси – матбуот котиби Илҳомжон Маърупов. – Шунинг учун унинг ортидан жамият ва инсонлар ҳаётида кўплаб муаммолар, зиддиятлар келиб чиқади. Бундай ҳолатда энг самарали кураш воситаси маърифатдир. Маърифат – инсон қалби ва онгини ёритувчи нур, жамиятни тараққиёт сари бошловчи кучдир. Маърифат орқали одамлар ҳақиқатни англайди, илм олади ва Ватан равнақига ҳисса қўшади.

Очиқ мулоқот тарзида кечган тадбирда жаҳолатга қарши курашиш ҳар бир юртдошимизнинг бурчи эканлиги, буни оиладан, таълим муассасалари ва мактаблардан бошлаш зарурлиги таъкидланди.

Бу каби тадбирлар вилоятнинг бошқа ҳудудларида ҳам ўтказилмоқда.