Жаҳон бозорида музлатилган маҳсулотга талаб ортмоқда, биз бунга тайёрмизми?

Кейинги йилларда юртимизда қишлоқ хўжалик маҳсулотлари экспортини кўпайтириш, географиясини кенгайтириш борасида бир қанча чоралар кўрилди, экспорт билан шуғулланувчи корхоналарга енгилликлар яратилди. “Made in Uzbekistan” ёрлиғи остида бир неча халқаро кўргазмалар ташкил этилди. Хўш, бу ҳаракатлар маҳсулотлар экспортини кенгайтиришда қанчалик фойда келтирди?
- Корхонамиз 2018 йилда АҚШ тадбиркорларининг 20 миллион доллар инвестицияси ҳисобидан ташкил этилган, - дейди “Самарқанд гарден пласт” қўшма корхона шаклидаги масъулияти чекланган жамияти ишлаб чиқариш бўлими бошлиғи Фарҳод Қўчқоров. – Корхонамизда йилига 25 минг тонна гилос, гулкарам, броколли, булғор қалампири каби 25 турдаги маҳсулотни қайта ишлаб, Хитой, Корея, Россия, БАА, Франция ва бошқа давлатларга экспорт қиламиз. Кейинги йилда экспорт ҳажмини янада ошириш учун Европадан илғор технологиялар келтиришни режалаштиряпмиз. Ҳозир тасарруфимиздаги 1500 гектар боғда 2000 киши, корхонада эса 550 нафар ходим меҳнат қилади. Кейинги йилдан боғни 2500 гектарга етказиш ва ишлаб чиқаришни кенгайтириш ҳисобига қўшимча 250 та янги иш ўрни яратилади. Жорий йилда корхонамиз тасарруфидаги боғдан 3 минг тонна ҳосил олган бўлсак, яна 3 минг тонна маҳсулотни фермер ва томорқачилардан харид қилдик. Кейинги йилда янги технология ўрнатилгач, боғимиз ва томорқачилардан 10 минг тонна ҳосил тўплаб, экспорт ҳажмини оширишни режалаштирганмиз. Маҳсулотларимиздан асосан гулкарам, булғор қалампири, броколли, ошқовоқ ва гилосга Россиядан талаб юқори бўлмоқда. Биргина гилосни оладиган бўлсак, мева данаги ажратилиб, музлатилади, фармацевтика корхоналарига сотилади. Данакдан ёғ олиб, дори-дармон ишлаб чиқаришда фойдаланилади.
Яқин йилларда ҳам янги узилган гилосга талаб юқори эди. Лекин етказиб бериш, логистикадаги қийинчиликлар туфайли эндиликда музлатилган гилос ва бошқа маҳсулотларга талаб ортмоқда. Чунки янги узилган гилос 10 кун сақланса, музлатилган маҳсулотни 2 йил сақлаш мумкин. Бундан кўринадики, харидор табиий маҳсулотни етказиб бериш жараёнидаги сифат бузилишидан кўра, музлатилган маҳсулотни маъқул кўрмоқда. Бу усулда маҳсулотнинг таъми ва сифати бузилмайди, истеъмол қилишдаги ишонч ҳам сақланиб қолади.
Аслида заминимизда етиштирилган ҳар қандай мева-сабзавот, сифати ва таъми билан харидорни эътиборсиз қолдирмайди. Кейинги навбат эса маҳсулотни сифатли қадоқлаб, ўз вақтида харидорга тақдим этишга боғлиқ.
- Корхонамиз 2003 йилда латвиялик тадбиркорлар билан ҳамкорликда майиз, қуритилган меваларни қайта ишлаб экспорт қилиш йўналишида ташкил этилган, - дейди “Самрен трейд” МЧЖ менежери Умид Гулмуродов. – Биз асосан Франция, Италия, Нидерландия, Туркия ва МДҲ давлатларига маҳсулот экспорт қиламиз. Корхонамиз йилига 3 минг тонна маҳсулот ишлаб чиқариш қувватига эга. Ўтган йили 3 миллион долларлик экспорт қилган бўлсак, жорий йилнинг 6 ойида 3,3 миллион долларлик маҳсулот сотдик. Йил якунигача бу кўрсаткични 6 миллион доллардан оширишни режалаштиряпмиз. Бунинг учун янги ҳамкорлар топиш, ўзлаштирилмаган бозорларга чиқиш устида иш олиб боряпмиз.
Корхонада асосан бир неча турдаги майиз, қуритилган ўрик, олхўри, грек ёнғоғи экспорт қилинади. Савол туғилади - араб давлатларида ўзбек майизига талаб юқори, лекин нега корхона импортёрлари қаторида уларнинг номи йўқ?
Менежернинг айтишича, бунга сабаб араблар юқори сифатли қора майиз харид қилишади. Биз эса асосан саноатбоп майиз ва қуруқ мева экспорти билан шуғулланамиз. Лекин бу йўналишда ҳам ишлаш ва араб давлатларига экспортни йўлга қўйиш ўрганилмоқда.
Бир неча йил аввал Греция, Туркия давлатларидан катта ҳажмда тезпишар грек ёнғоғи кўчатлари келтириб экилганди. Ғарбга шу турдаги ёнғоқ экспорт қилинади. Бу йўналишда яқин масофада етиштирувчи бўлишига қарамай Ўзбекистон иқлимида етиштирилган ёнғоққа талаб юқори бўлмоқда. Бу имкониятдан унумли фойдаланиш учун корхонага Туркия, Бельгия ва Хитойдан маҳсулотни тозалаш, стандартларга ажратадиган ускуналар келтирилган.
- Бундан ташқари, корхонамизда давлат стандартларидан ўтган ва вилоятда ягона бўлган қишлоқ хўжалик маҳсулотларини қадоқлашга мўлжалланган картон қутилар ишлаб чиқарилмоқда, - дейди У.Гулмуродов. - Чунки, дунё давлатларида маҳсулот (асосан озиқ-овақт ва мева-сабзавот)ни пластик идишларда қадоқлашдан воз кечилмоқда, ёғоч қутиларда эса санитария талабларига зид бўлган ҳашаротлар учрайди. Шунинг учун қоғоз, яъни картон қутиларга талаб ортмоқда.
Ҳар қандай экспорт ва импорт қилинаётган истеъмол маҳсулотларининг сифати карантин идоралари томонидан назорат қилинади. Бироқ ушбу тизим мутахассислари фақат маҳсулот сифатини назорат қилиб қолмай, экспортёр тадбиркорларга ҳар томонлама кўмаклашиши талаб этилади.
- Бошқармамиз томонидан Ўзбекистон брендини, қишлоқ хўжалиги соҳасидаги салоҳиятини йирик бозорларга намойиш этиш, юқори сифатли маҳсулотлар етказиб бериш учун зарур чора-тадбирлар кўрилмоқда, - дейди вилоят ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармаси бошлиғи ўринбосари Мирфаёз Маллаев. – Президентимизнинг 2025 йил 8 апрелдаги “Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг экспорт салоҳиятини ошириш ҳамда қайта ишлаш занжирини ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори асосида қишлоқ хўжалик кооперативлари яратиш, уларга субсидиялар ажратиш белгиланган. Бундан кўзланган мақсад қишлоқ хўжалик маҳсулотлари экспортини кўпайтиришга қаратилган. Экспортёр корхона кооператив орқали маҳсулотни харид қилиб, қадоқлаб, экспорт қилганда уларга ижтимоий солиқлардан 1 фоиз енгиллик берилади. Ҳозирда вилоятимизда 24 та шундай кооперативлар ташкил қилинмоқда.
Made in Uzbekistan бренди остида қишлоқ хўжалик маҳсулотларимизнинг экспортини кўпайтириш ва мамлакатимизнинг аграр соҳадаги салоҳиятини намойиш этиш учун ҳозиргача Покистон, БАА, Англияда кўргазмалар ўтказилди. Энди Мўғулистонда катта ярмарка ўтказиш режалаштириляпти. Бу ярмаркаларнинг ҳар бирида тадбиркорларимиз 3-5 миллион долларлик шартнома имзоламоқда. Ҳозирда бизнинг талабимиз маҳсулотни улгуржи бозорга сотиш эмас, балки супермаркетлар расталарига жойлаштириш борасида иш олиб боряпмиз. Чунки, маҳсулотимиз сифат ва таъм борасида етакчи бўлса-да, Туркия ва Хитой тадбиркорлари маҳсулотни замонавий, харидор эътиборини тортадиган қилиб қадоқлаб, расталарга жойлаштирмоқда. Масалан, 100 грамм қилиб қадоқланган майиз расталарда 5-6 доллардан сотилмоқда. Тадбиркорларимиз эса улгуржи бозорда килограммини 5-6 доллардан сотяпти. Биз ҳам маҳсулотимизни замонавий қадоқлаб супермаркетларга етказиш имкониятидан фойдаланишимиз керак. Ҳозирда маҳсулотимиз 60 дан ортиқ давлатга сотилаётган бўлса, асосий харидорларимиз Россия, Хитой, Туркия, Эрон, Қозоғистон, Афғонистон, Қирғизистон, Европа Иттифоқи, Болтиқбўйи давлатлари ҳисобланади. Яхши ва янги йўналиш сифатида яқинда АҚШга грек ёнғоғи ва нўхат экспортини йўлга қўйдик.
Ҳозирда Ўзбекистонда етиштирилган барча турдаги қуритилган мева-сабзавотларга талаб бор. Шу ўринда бир жиҳатга эътибор қаратамиз. Корея ва Хитойда бизнинг гилосимизга қизиқиш юқори, лекин логистика муаммолари туфайли етказиб бериш қийинчилик туғдирмоқда. Шу боис, давлат раҳбарининг тегишли қарори билан рефрежератор контейнерда экспортни йўлга қўйиш белгиланди. Биргина Хитойга маҳсулот рефрежератор контейнерда -1 даража ҳароратда 21 кун давомида очилмасдан етказилса, бу маҳсулот текширилмасдан супермаркетларга йўналтирилади.
Рақамларга қарайдиган бўлсак, ўзбек гилоси бир неча йил олдин дунёда энг кўп экспорт қилинадиган 3 та давлат қаторида эди. Лекин айрим экспортёрларимиз томонидан сифатсиз маҳсулот сотилиши туфайли товарга ишонч пасайди. Ҳуқуқий ёки ҳужжат, стандарт томонидан чеклов йўқ, асосий муаммо етказиб бериш бўлиб қолмоқда.
Ўктам Худойбердиев.