Жаҳон бозорида органик маҳсулотга талаб ортди, бизда бунга мос таклиф борми?

Кейинги йилларда инсон саломатлиги ва экологик мувозанатнинг ўзгариши  туфайли органик қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига бўлган талаб ортмоқда. Вилоятимизда органик маҳсулотлар етиштириш бўйича табиий, иқлимий ҳамда меҳнат ресурслари етарли бўлса-да, бу соҳада ҳали фойдаланилмаган имкониятлар мавжуд.

Хўш, органик маҳсулотнинг ўзи нима ва унинг афзалликлари нимада?

Органик маҳсулотлар кимёвий ўғитлар, пестицидлар, сунъий қўшимчаларсиз етиштирилган, экологик тоза ва инсон саломатлигига зарар етказмайдиган маҳсулотлар ҳисобланади. Уларнинг асосий афзалликлари саломатлик учун хавфсиз, экотизимга зарар етказмайди, юқори биологик қийматга эга ва бозор нархи ҳамда экспорт салоҳияти юқори бўлади. Яъни, одатий маҳсулотлардан кўра қиммат нарх белгиланади.

Бугунги куннинг долзарб мавзуларидан бири ҳисобланган органик маҳсулот етиштириш мавзусида ўтказилган матбуот анжумнида вилоят қишлоқ хўжалик бошқармаси бошлиғининг ўринбосари Аслиддин Маматмусаев бу ҳақда маълумот берди.

-  Жорий йилда вилоятимиздаги 71 та фермер хўжаликлари томонидан 1210 гектар майдонда 12 минг тоннага яқин органик маҳсулотлар етиштирилиб, йиғим-терим ишлари давом этмоқда, - дейди А.Маматмусаев. – Чунки органик маҳсулотларга бўлган ички талаб ошиб боряпти. Бунга асосий сабаблар аҳоли орасида соғлом турмуш тарзига бўлган қизиқишнинг ортиши, йирик шаҳарларда экологик маҳсулотлар дўконларининг кўпайиши, туризм ривожи билан сифатли ва табиий озиқ-овқатга эҳтиёжнинг ортиши билан боғлиқ. Аммо органик маҳсулотлар нархи юқори бўлганлиги сабабли, уларни асосан ўрта ва юқори даромадли қатлам сотиб олмоқда. Бироқ вилоятда органик деҳқончилик билан шуғулланувчи фермер хўжаликлари сони ҳозирча чекланган. Ҳозирда мева ва сабзавотлар (гилос, олма, помидор, бодринг), асаларичилик маҳсулотлари (асал, мум), ғалла ва дуккакли экинлар органик усулда етиштирилмоқда. Таклифни кенгайтириш учун инфратузилма, сертификатлаштириш ва агротехник билимларга эга мутахассислар  етишмаяпти.

Вилоятимиз табиий шароит ва агроиқлимий жиҳатдан органик қишлоқ хўжалигига жуда мос ҳудуд ҳисобланади. Илиқ иқлим ва кўп қуёшли кунлар органик сабзавот ва мевалар етиштириш учун қулай. Маҳаллий аҳолининг табиий усуллар билан деҳқончилик қилиш тажрибаси бор. Бу йўналишни ривожлантириш учун органик маҳсулотни аниқловчи сертификатлар тизими ривожланмаганлиги учун сертификатлаштириш марказларини ташкил этиш, фермерлар учун ўқув курслари, тренинглар ташкил этиш, махсус ярмаркалар, кўргазмалар, онлайн савдо платформалари яратиш, молиявий ресурсларни кўпайтириш, давлат гранти, субсидиялар, халқаро ташкилотлар ёрдами зарур бўлади.

Ўктам ХУДОЙБЕРДИЕВ.