Жамоат жойида ўзни тутиш маданиятини унутдикми?

Бир қарашда оддий кун, оддий манзара. Кутилмаган ҳеч нарса йўқдек туюлади. Аммо мана шу оддий автобусда гувоҳ бўлган ҳолатлар юрагимда оғриқ, онгимда эса оғир саволлар қолдирди: биз қаерга қараб кетяпмиз? Қачондан бошлаб жамоат жойларида ўзимизни бунчалар эркин, ўзгаларнинг ҳуқуқини поймол қиладиган даражада тута бошладик?
Ҳар куни ишга автобусда қатнайман. Доимгидек автобусга чиқиб, ўртароққа ўтиб, ўриндиққа ўтирдим. Навбатдаги бекатда автобусга ёшгина бир қиз чиқди. Шунчаки чиқмади, балки бутун автобусга “кириб келди”. Унинг қўлидаги телефондан чиққан сериал товуши гўё орамизда эмас, қулоқларимизнинг ичида янграётгандек эди. Қиз эса гўё бу дунёда ёлғиз ўзи яшаётгандек, кўзи телефодан узилмас, ёши катта инсонлар чиққанида ҳам ўрнидан туриш у ёқда турсин, атрофига бир назар ташлаб қўйишни хаёлига келтирмасди.
Яқинда яна бир ҳолатга дуч келдим. Бу сафар ёши каттароқ опа қўл телефонида баланд овозда ким биландир оилавий муаммоларини гаплашаётган эди. “Ўша, ўғлимнинг келини менга жавоб қайтарибди...”, “Сен биласан-ку, акаси ҳам шунақа...” деган сўзлар бутун автобус бўйлаб акс-садо берарди. Шахсий ҳаёт бутун жамоатчиликка тақдим этилаётган спектаклга айланиб қолганди.
Қизиқ, одамлар қачондан ижтимоий ҳис-туйғулардан бу даражада йироқлашди? Қачон маданият деган тушунча “овозни пастроққа тушириш” каби оддий одатлардан ҳам узилиб қолди?
Юракни энг кўп ўртаган воқеа бу эмас эди. Автобусда кетаётиб, ёнимда турган хорижлик талабанинг телефонда инглиз тилида гаплашаётган, гап орасида телефонга автобус ташқарисидаги манзарани тасвирга олиб: “Қара, бу маданиятсизларни”, деганини тушуниб қолдим. У белгиланмаган жойдан йўлни кесиб ўтаётган пиёдаларни тасвирга олиб, ажабланиб, ҳатто бироз кинояли тарзда танишига кўрсатмоқда эди.
Бир юрт фарзанди, ўз халқини ҳимоя қилгиси келади, аммо ҳолатни инкор этолмайди. Кўзимизга оддий туюлаётган ҳар бир ҳаракат, ҳар бир бепарволик бошқаларнинг нигоҳида юртимиз, халқимиз ҳақида тушунча берарди. Боз устига юртимизга келаётган сайёҳларнинг бу каби иллатлардан ранжиганини ҳам кўп эшитганман.
Ўзимга савол бераман: биз қачон бу даражада бефарқ бўлиб қолдик? Қачон жамоат жойида ўзини тутиш маданияти, ҳурмат, андиша деган сўзлар ҳаётимиздан чиқиб кетди? Биз ўзбекмиз, дунё маърифат бешигини тебратган буюк алломаларни дунёга берган халқмиз. Бу халққа беодоблик, бефарқлик ярашмайди. Бугун бизга қиммат машиналар эмас, балки қимматли тарбия, товуш эмас тавозе, қиёфа эмас – қиёфадаги фазилат, бир сўз билан айтганда, маънавиятли онг, ҳушёр юрак керак, назаримда.
Шоҳиста Мамасолиева.