Жамоат ташкилотларига ажратилаётган маблағлар миқдори аниқ бўлди

Самарқандда халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгаши ҳузуридаги ижтимоий шериклик бўйича жамоат комиссиясининг муҳокама йиғилиши бўлиб ўтди.

Унда Президентнинг 2022 йил 29 апрелдаги “Ижтимоий ҳимояга ва ёрдамга муҳтож аҳоли қатламларини моддий қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-230-сонли Қарори ҳамда Парламент комиссиясининг 2022 йил 28 июндаги 17-сонли қарори ижросини таъминлаш мақсадида халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгаши ҳузуридаги ижтимоий шериклик бўйича жамоат комиссияси ҳамда Жамоат фонди томонидан амалга оширилган ишлар таҳлил этилди, тегишли масалалар муҳокама қилинди.

Вилоят молия, бандлик ҳамда жамоат фонди бошқарув ходимлари билан биргаликда Ўзбекистон Ногиронлар жамияти вилоят, шаҳар ва туман бўлимларига, Ўзбекистон Карлар жамияти вилоят бўлимига, Ўзбекистон Кўзи ожизлар жамияти вилоят, шаҳар ва туман бўлимларига, Ўзбекистон Ногиронлар ассоциацияси вилоят бўлимига давлат субсидияси ажратиш бўйича ишчи гуруҳ тузилди ва фаолияти тўлиқ ўрганилиб, давлат субсидияси миқдорлари аниқланиб чиқилди.

Йиғилишда халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгаши ҳузуридаги жамоат фонди томонидан 2023 йилда давлат субсидияси учун 7 миллиард 987 миллион сўм, давлат гранти учун 1 миллиард 200 миллион сўм, Жамоат фонди фаолияти билан нодавлат-нотижорат ташкилотларини қўллаб-қувватлаш ҳамда ижтимоий шерикликни кучайтириш учун 9 миллиард 418 млн сўм йўналтирилиши маълум қилинди.

Достон Маликов,

халқ депутатлари вилоят Кенгаши ҳузуридаги нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди директори.