Энди фаол ННТ ва маҳаллаларга 60 миллион сўмдан давлат гранти ажратилади
Бу ҳақда вилоят Матбуот уйида халқ депутатлари вилоят Кенгаши ҳузуридаги нодавлат нотижорат ташкилотларини фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди раҳбари Д.Маликов иштирокида бўлиб ўтган матбуот анжуманида айтилди.
Анжуман давомида 2022 йил давомида 56 та ННТ ва бошқа ташкилотлар давлат гранти лойиҳалари билан қатнашган бўлса, улардан 17 таси ғолиб деб топилиб, 824 миллион сўм молиялаштирилгани, бунинг натижасида 87 та иш ўрни яратилгани айтилди. Шунингдек, 11 та миллий-маданий марказларига 440 миллион сўм давлат субсидияси ажратилган.
- 2023 йилда эълон қилинган биринчи грант лойиҳаси танловида жами 16 та, хусусан, ННТлар, маҳалла фуқаролар йиғини ҳамда ОАВ вакиллари қатнашди, - дейди Д.Маликов. - Улардан 8 таси ғолиб деб топилиб, 400 миллион сўм молиялаштирилди. Шу пайтгача лойиҳа танловлари ғолибларига 30-50 миллион сўмдан грант маблағи ажратилган бўлса, бу йилдан бу миқдор 60 миллион сўмни ташкил этмоқда.
Айни пайтда “Инсон ҳуқуқи ва эркинликларига амал қилиш ҳар бир шахснинг қадр-қимматини эъзозлаш, ҳуқуқ ва манфатларини таъминлаш, маънавий-аҳлоқий билимларни ошириш, оилада ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштиришда нодавлат нотижорат ташкилотлари фаоллигини ошириш” мавзусида иккинчи давлат гранти ажратиш учун танлов эълон қилинган.
Ҳусан Элтоев.