Ижтимоий лойиҳалар 30 миллион сўмлик грантларга сазовор бўлди
Самарқанд шаҳридаги Нодавлат нотижорат ташкилотлари ва дўстлик уйида халқ депутатлари вилоят Кенгаши ҳузуридаги жамоат фонди томонидан эълон қилинган грант лойиҳаларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
Бу йил биргина ушбу фонднинг ўзи нодавлат нотижорат ташкилотлари учун олтита танлов эълон қилиб, 1 миллиард сўм маблағ ажратди. Шунингдек, нодавлат ташкилотлар республика фондларидан ҳам ғолиб лойиҳаси учун маблағ олиш имконига эга бўлди.
Тадбирда вилоят ҳокимининг ўринбосари Д.Маматқулов, халқ депутатлари вилоят Кенгаши ҳузуридаги ижтимоий шериклик бўйича жамоат комиссиясининг раиси Ф.Тошев, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати А.Ҳамроев шу ҳақда батафсил маълумот берди.
- 2008 йилдан 2020 йилга қадар республика миқёсида грантлар учун 105 миллиард сўм маблағ ажратилган бўлса, биргина 2021 йилнинг ўзида бу миқдор 135 миллиард сўмни ташкил этди, - дейди Олий Мажлис ҳузуридаги нодавлат нотижорат ташкилотлар ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш Жамоат фонди раҳбари Отабек Ҳусанов. - Бу жуда катта имконият бўлиши баробарида ушбу ташкилотларнинг қийинчиликсиз фаолиятига замин ҳамдир. Келгуси йил нодавлат ташкилотларга янада кенгроқ имконият яратиш кўзда тутилган. Вилоят кенгашлари ҳузурида жамоат фондлари ташкил этилиб, уларнинг ҳам моддий таъминоти кўпаяётгани ижтимоий лойиҳаларнинг янада кенгроқ амалга ошишига имкониятдир.
Вилоят фонди томонидан эълон қилинган танлов ғолиблари орасида кутубхона ташкил этишдан тортиб, ногирон аёллар учун фитнес-клуб очиш, кўзи ожизларга ёрдам беришни мақсад қилган ташаббускорлар бор.
Г.Мўминова,
Ҳ.Элтоев (фото).