Жамоатчилик комиссиялари қачон самарали фаолият юритади?

Хўш, айни вақтда вилоятимиздаги шаҳар ва туманларда маҳалла фуқаролар йиғинларидаги ушбу комиссиялар қандай фаолият юритмоқда? Шу каби саволларга Қўшработ туманидаги маҳаллалар мисолида жавоб изладик.
Айни вақтда туманда 39 маҳалла фуқаролар йиғини мавжуд бўлиб, барчасида жамоатчилик комиссиялари ташкил этилган.
Мустақиллик маҳалласида 2 минг 300 нафардан зиёд аҳоли истиқомат қилади. Маҳалла фуқаролар йиғинида 9 та жамоатчилик комиссияси мавжуд.
– Маҳалламиздаги жамоатчилик комиссиялари 2018 йил учун ўз йўналишлари бўйича чора-тадбирларни белгилаб олган, – дейди маҳалла фуқаролар йиғини раиси Б.Ирзақулов. – Шу асосида ишлар олиб борилмоқда. Жумладан, яраштириш комиссияси томонидан январь ойида битта нотинч оила яраштирилди. Маърифат ва маънавият масалалари бўйича комиссия маҳалла, умумтаълим мактабларида профилактика инспектори билан ҳамкорликда суҳбат ва тадбирлар ўтказиб келмоқда.

Маҳалла раисининг қўшимча қилишича, тадбиркорлик фаолияти ва оилавий бизнесни ривожлантириш масалалари бўйича комиссия томонидан маҳалладаги 64 нафар тадбиркорга банк кредитларидан мақсадли фойдаланиши учун амалий кўмак бериб келинмоқда. Вояга етмаганлар, ёшлар ва спорт масалалари бўйича комиссия 81, 82-умумтаълим мактабларининг юқори синф ўқувчилари ўртасида спорт мусобақаларини ўтказган.
Афсуски, тумандаги маҳаллаларнинг барчасида жамоатчилик комиссияларининг фаолиятини қониқарли деб бўлмайди. Мисол учун, Пичот маҳалласида жамоатчилик комиссияларининг фақат йиғма жилдларигина мавжуд. Бизга ҳамроҳлик қилган маҳалла масъул котиби А.Жонвозовдан комиссиялар ҳақида маълумот ололмадик. 
Йиғма жилдлардан маълумот олишга ҳаракат қилдик. Аммо уларнинг тартибсизлиги, маълумотлар етарли эмаслиги, зарур ҳужжатлари йўқлиги, қониқарсиз юритилганлигининг гувоҳи бўлдик. Нам тортиб, ачинарли ҳолатга келиб қолган йиғма жилдларга анча вақтдан буён қўл теккизилмаганлиги яққол кўриниб турибди. Бир неча йил аввалги чала иш режа ёки ҳисоботлар бор, янгиларини эса қидириб тополмайсиз.
– Ҳаммасини тўғрилаймиз, – дейди А.Жонвозов.

Бирор комиссия раиси ёки аъзоси билан суҳбатлашиш истагини билдирганимизда маҳалла масъул котиби турли важларни айтиб, бу имкониятни бизга тақдим эта олмади.
Ноилож комиссиялар фаолияти ҳақида маҳалла фуқароларига юзландик.
– Тўғриси, жамоатчилик комиссиялари ҳақида маълумотга эга эмасман, – дейди вақтинча ишсиз фуқаро А.Холдоров. – Хонадонимизга келиб, муаммоларимизни ўрганганини ҳам эслолмайман.
Тушунамиз, қоғозда номи бор-у, амалда қорасини кўрсатмайдиган комиссиялар раислари ва аъзолари самарали фаолият юритмагандан кейин фуқаро уларни қаердан ҳам билсин?!
Ўрганишимиз Булоқбоши маҳалла фуқаролар йиғинида давом этди. Афсуски, ҳолат юқоридаги каби ачинарли. Аҳвол шундай экан маҳалла фуқаролар йиғинларидаги жамоатчилик комиссияларидан нима наф? Бу борада жиддий ўйлаб кўриш вақти келмадимикан?

Бу ҳақида жамоатчилик комиссиялари фаолияти ҳақидаги бир нечта танқидий мақолаларимизда кўп ёзганмиз. Ачинарлиси, неча йиллардан буён аҳвол, жамоатчилик комиссияларининг аксариятида ишга бўлган муносабат ижобий томонга ўзгармаган.
Ахир, комиссиялар ўз ишини самарали ташкил этиш мақсадида аҳоли билан доимо мулоқотда бўлиши, аниқланган масала ва муаммоларга барҳам бериш, уларнинг олдини олиш юзасидан иш режаларини ишлаб чиқиши зарур, уларнинг ижроси бўйича ҳар чоракда фуқаролар йиғинининг вакиллар йиғилишига ҳисобот тақдим этиб бориши лозим. Аммо биз ўрганиш жараёнида аксарият маҳаллаларда на унисини, на бунисини кўрдик.
Жамоатчилик комиссиялари таркиби асосан, маҳалладаги фаол, ҳаётий тажриба, обрў-эътибор, ҳурматга эга бўлган фуқаролардан ва зарур ҳолларда маҳаллий давлат ҳокимияти идоралари вакилларидан иборат бўлади. Фикримизча, комиссиялар таркибини тузишда шу жиҳатларга жиддий эътибор қаратиш зарур. Акс ҳолда юқоридаги каби «хўжакўрсин» ишларга барҳам берилмайди.

Fолиб АБДУСАЛОМОВ,
«Зарафшон» мухбири.