Жанговар юриш маънавий-маърифий тадбир билан давом этди
Хабар қилганимиздек, Самарқанд шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганлигининг 33 йиллиги ҳамда 14 январь - Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан ҳарбийлар ва куч тузилмалари ходимларининг жанговар юриши бўлиб ўтди.
Шундан кейин Кўксарой майдонида маънавий-маърифий тадбир ташкил этилди.
Унда вилоят ҳокимининг ўринбосарлари Рустам Қобилов, Ҳусан Тўхтаев, Марказий ҳарбий округ қўмондони ўринбосари Қаҳрамон Очилов ва бошқалар иштирок этди.
Сўзга чиққанлар ҳарбий ватанпарлик ойлигининг аҳамияти, соҳада хизмат ўтаётганлар зиммасига юкланган масъулият, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар ҳақида тўхталиб ўтилди. Соҳага қаратилаётган эътибор натижасида армиямиз салоҳияти йил сайин ортиб бораётганлиги таъкидланди.
Тадбир доирасида ҳарбийларнинг саф ва қўл жанги бўйича саҳналаштирилган чиқишлари намойиш этилди. Вилоят мусиқали драма театри ижодкорларининг бадиий чиқишлари тадбирга янада кўтаринки кайфият бағишлади.
Тадбирда ҳарбий ҳамда бошқа куч тузилмалари қурол-аслаҳалари кўргазмаси ташкил этилди. Унда ёшлар жанговар техника ва қуроллар билан яқиндан танишиб, ҳарбийларнинг шарафли вазифаларига оид қизиқарли маълумотларга эга бўлдилар.
- Тадбирга невараларимни олиб келдим, - дейди оқдарёлик 70 ёшли Чиноз Баҳодиров. - Улар ҳам халқига, Ватанига нафи тегадиган, ҳақиқий мард йигитлар бўлиб улғайишини истайман. Ҳарбийларимиз улар учун намуна бўла олади. Улар бор экан осмонимиз мусаффо, ҳаётимиз фаровон.
Ҳарбийлар билан ўтган самимий суҳбат давомида фуқаролар ўзларини қизиқтирган барча саволларга жавоб олдилар.