Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

“Жартепа” чегара божхона постида мамлакатимизга психотроп таблеткаларнинг кириб келиши тўхтатиб қолинди

Мазкур чегара божхона пости томонидан 2022 йил бошидан бугунги кунга қадар психотроп ва кучли таъсир этувчи моддаларнинг ноқонуний айланиши билан боғлиқ 3 та ҳолат аниқланган бўлиб, 708 дона психотроп таблеткаларининг ноқонуний айланувига чек қўйилган.

Мисол учун, мазкур божхона пости ходимлари томонидан қўшни давлатдан кириб келган фуқаро С.Н. “яшил йўлак” орқали божхона назоратидан ўтаётганда, унинг қўл сумкасидан “Сомнол” номли жами 100 дона психотроп моддага ўхшаш таблеткалар борлиги аниқланган.

Аниқланаётган ҳолатларда қонуний жавобгарликка тортилаётган аксарият шахслар ҳали 30 ёшга кирмагани маълум бўлмоқда. Баъзиларнинг ҳуқуқий саводхонлиги йўқлиги ёки қонун олдидаги жавобгарлик масъулиятидан умуман бехабарлиги кўриниб қолмоқда, дейилади вилоят божхона бошқармасининг zarnews.uz`га берган хабарида.

Ваҳоланки, Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 246-моддасида кучли таъсир қилувчи ва психотроп моддалар контрабанда ашёси сифатида келтирилган бўлса, ушбу Кодекснинг 251-1-моддасида мазкур моддаларни қонунга хилоф равишда муомалага киритганлик учун:

• базавий ҳисоблаш миқдорининг юз бараваридан уч юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки бир йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёхуд бир йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан;

• ўша ҳаракатлар такроран ёки бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб содир этилган бўлса, беш йилдан етти йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан;

• ушбу ҳаракатлар уюшган гуруҳ томонидан ёки кўп миқдорда содир этилган бўлса, етти йилдан ўн йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан кўзда тутилган.