“ЖЧ-2022”: Саудияликлар Левандовскини ҳам тўхтата олармикан?
Бугун Қатарда давом этаётган футбол бўйича жаҳон чемпионатининг "C" ва "D" гуруҳларининг иккинчи тур ўйинлари бўлиб ўтади.
Табиийки, аксарият футбол мухлислари асосий эътиборларини Польша ва Саудия Арабистони терма жамоалари ўйинига қаратган. Негаки, "Аргентина жамоасини 2:1 ҳисобида мағлуб этиб, 3 очко билан «С» гуруҳида пешқадамга айланган саудияликлар яна сенсацияли ўйин ташкил этадими?", деган савол кўпчиликни қизиқтирмоқда.
Польша терма жамоаси биринчи тур учрашувида беқарор ўйин кўрсатди ва шу тариқа бир очко билан иккинчи ўринни мексикаликлар билан бўлишиб туришибди. Польяклар тарихидаги энг яхши тўпурари сифатида Роберт Левандовскидан кўп нарса кутилмоқда, аммо биринчи ўйинда ҳужумчи умидларни оқлай олмади. У Мексика билан қарама-қаршиликда ёмон ўйин ўтказди. Роберт дарвозага атиги иккита зарба берди, пенальти ишлаб олди, лекин уни голга айлантира олмади.
Саудия Арабистонида айрим йўқотишлар бор. Асосий ҳимоячиси жароҳат олган. Яъни, Аргентина билан учрашувнинг сўнги вақтларида Саудия Арабистони дарвозабони жамоадоши Ёсир аш-Шаҳронига тизза билан зарба бериб юборди. Оқибатда Ёсирнинг жағи, юз суяклари синган ва мияси чайқалган, шу сабабли у жаҳон чемпионатида иштирок этмайди.
Аммо шуниси эътиборлики, терма жамоа мураббийси Эрве Ренар саудияликларга Аргентина устидан қозонилган ғалабадан хурсанд бўлишига йўл қўймайди. У Замбия ва Кот-Д’ивуар термаларини Африка кубогида ғалабага олиб келган тажрибали мутахассис. Эрве нафақат яхши тактик, балки кучли мотиватор ҳамдир.
Нима бўлганда ҳам текис майдон, думалоқ тўп ва вақт натижани кўрсатади.
Бугунги учрашувлар:
Соат 15:00 Тунис — Австралия (D)
Соат 18:00 Польша — Саудия Арабистони (C)
Соат 21:00 Франция — Дания (D)
Соат 23:59 Аргентина — Мексика (C).