JICA агентлиги вице-президенти Самарқандда етиштирилаётган япон олмасига баҳо берди

Самарқанд ветеринария медицинаси институтига Япония Халқаро ҳамкорлик агентлиги (JICA) вице-президенти Казухико Кошикава бошчилигидаги делегация ташриф буюрди.

Учрашувда Ўзбекистон ва Япония давлатлари ўртасидаги дўстона муносабатларнинг кенгайиб бораётгани, ўзаро ҳамкорлик алоқалари ва амалга оширилаётган лойиҳалар тўғрисида сўз юритилди.

Шундан сўнг иқтисодиёт фанлари доктори Шавкат Ҳасанов томонидан JICA томонидан молиялаштирилган «Ўзбекистонда олма етиштиришнинг замонавий технологияларини жорий қилиш орқали фермерлар даромадини ошириш» лойиҳаси доирасида амалга оширилаётган ишлар меҳмонларга тақдим қилинди.

Делегация аъзолари СамВМИда лойиҳа асосида етиштирилаётган Япониянинг “Фужи” навли олма дарахти ҳосилини кўздан кечиришди. Меҳмонларга институтнинг 10 сотих майдонида ташкил этилган мазкур интенсив модул боғида олма етиштиришнинг ўзига хос жиҳатлари, соҳа истиқболлари тўғрисида маълумот берилди.

СамВМИ ахборот хизмати.