Жим туринг, ота-оналар нима дейди?

Ҳар бир ота-она фарзандини бахтли бўлишини, қўшгани билан қўша қаришини истайди.

Лекин жуда кўп ҳолатларда ота-оналар бўлажак куёв ва келиннинг одоби ва касб-ҳунари ҳақида тўла маълумотга эга бўлмай, тўйга рози бўлиб юборишяпти-да. Натижада тўйдан кейин ё куёв ёки келиннинг “ҳунар”лари кўзга ташланаётир.

Кўпинча эшитиб қоламиз. Фалончининг қизи уйига келиб ўтирганмиш. Ия, бу нимаси бўлди? Яқингинада тўйи бўлган эди-ку. Бунинг устига икки қуда таниш-билиш бўлса. Яна ўртада нима муаммо бўлиши мумкин? Куёв ҳеч жойда ишламасмиш. Келиндан ҳар куни пул топиб берасан деб, жанжал қилармиш. Тунов куни пул топиб бермаган экан, куёв хотинини роса дўппослабди...

Табиийки, бундай эркакнинг оиласида тинчлик-тотувлик бўлиши мумкинми? Бечора аёл бекорчиликдан чиққан жанжалларга бардош бераоладими? Нега шундай бўляпти? Бунга ким айбдор? Келинми ёки куёв?

Бизнингча, биринчи навбатда буларга тарбия берган ота-оналар айбдордир. Вақтида талтайтириб ўстирди. Нимани оламан деса зиёди билан совға қилди. Ана энди нима бўлди? Бунинг бадалини ким тўлайди? Ёшлар ҳаётнинг арзимас қийинчиликлари олдида синиб кетяпти. Эҳ-ҳе, уларни олдинда турмушнинг бунга ўхшаган неча зарбалари кутиб турганлигини билишармикин?

"Э, оғайни бу эртакларни қаердан оляпсиз?" дейишингизни ҳис қилаяпман. Мени айблашдан олдин судларга бир бориб кўринг. Масалага ойдинлик киритасиз-қўясиз.

 “Йўқ мен бундай турмуш ўртоқ билан яшамайман” деб очиқ ойдин айтаяпти. Тавба қилиш керак. Уларнинг кўпчилигининг фарзандлари ҳам бор.

Гапираверсак гап кўп. Бундайларнинг олдини олиш учун нима қилиш керак? Бунинг устига маҳаллаларда хотин-қизлар масалалари бўйича алоҳида штат ҳам ажратилди. Барибир яна ўша гап. Энди битта-иккита бўлади-да дейишингиз мумкин. Гап ўша битта-иккита ҳақида кетяпти. Ҳар бир маҳаллада сиз айтганингиздек битта-икита бўлса, бир туманда 60-65 та маҳалла бор. Вилоят, республикада-чи? Сизнингча нима қилиш керак?..

Ҳусниддин Холдоров.