Жиноятнинг яширин иштирокчисига ҳам жазо тайинланди

Сизга айтмоқчи бўлган қуйидаги воқеа Шарқнинг бир ҳикматини ёдга солади: “Душманларингдан қўрқма – нари борса, улар сени ўлдиришлари мумкин. Дўстларингдан қўрқма – нари борса, улар сенга сотқинлик қилишлари мумкин. Бефарқлардан қўрқ – улар ўлдирмайди, сотмайди, бироқ уларнинг сукут ва розилиги билан дунёда сотқинлик ва қотиллик юз беради”.

Донишманд ҳақ гапни айтган. Бефарқлик оқибатида юз берган бу мудҳиш воқеа ҳақида сиз ҳам эшитгандирсиз? Келинг, бошидан бошлаймиз.

2018 йил декабрь ойининг бошлари. Мухтор ҳовлисида кундалик ишлари билан банд эди. Шу пайт ҳамқишлоғи Ғолиб чақириб қолди. Салом-аликдан сўнг Ғолиб унга “Қачонгача шундай қийналиб юрасан, тирикчилигингнинг тайини йўқ, мўмай пул топгинг келмайдими?”, деб ўзини унга ачингандек кўрсатди. Унинг бундай дейишига сабаб бор эди. Мухторнинг молиявий аҳволи оғир, томорқасида 30 туп атрофида токи бўлиб, бошқа ортиқча ер-жойи йўқлигидан уч-тўрт сўм топиш учун мардикорлик қиларди.

Мухтор ҳамқишлоғининг гапларини тинглаб кайфияти тушкун бўлиб қолди. Ғолиб эса айтган гаплари унга таъсир қилганидан фойдаланиб, дарров мақсадга ўтди. “Бир иш бор, рози бўлсанг” дея Мухторга айёрона кўз қирини ташлади. Уни жон қулоғи билан тинглаётганини сезгач гапида давом этди: “Абдурашиднинг бир-икки сандиқ, тахминан 200-300 миллион сўм пули бор. Бу пулга эгалик қилишнинг бирдан бир йўли уларни ўлдириб, пулларини олиш”, деди у.

Мухторнинг саросималаниб қолганини кўриб, уни тинчлантирди:

- Сен фақат унинг итини “тинчитсанг” бўлди. Қолганини ўзимиз бир-иккита шериклар билан битирамиз.

Қийин иш эмас экан-ку, деб ўйлади Мухтор. Қайтанга шароитимни ҳам тўғрилаб оламан, бундай қийналиб юрмайман.

- Фақат итни тинчитиш бўлса, майли, - деди у Ғолибга. - Аммо бошқасига мен аралашмайман.

Ғолиб унинг рози бўлганини сезди-ю режанинг кейинги қисмига ўтди:

- Олдингга шерикларим келади, бирор жойда учрашиб ҳаммасини келишиб оламиз.

Орадан бироз вақт ўтиб унга учрашиши кераклигини айтгач, Ғолибнинг жиянлари Жаҳонгир ва Шамсиддин тўрталаси қишлоқдаги сойликда учрашди. Ўша куни улар барчасини режалаштириб, уни амалга ошириш учун бир кунни белгилаб олишди.

Улар кейинчалик ҳам бир-икки қўнғироқ қилиб, учрашиши кераклигини айтди. Бир неча марта Мухторни уйига ҳам излаб келди. Бу вақт оралиғида Мухтор ўз ишлари билан банд эди. У Ғолиб билан гаплашган “иш”ларининг оқибати ҳақида ўйлади. Бу хато иш эканлигини тушуниб, улардан ўзини олиб қочиб юрди.

Февраль ойининг ўрталарида қишлоқда таъзия бўлиб қолди. Дафн маросимида қатнашиб, қабристондан чиқаётганида Ғолиб уни четга тортиб, шивирлади: “Гаплашиб олишимиз керак”. Улар яна қабристоннинг ичкарироқ жойига қайтди. Бу ерда уларни сойликда учрашган шериклари ҳам кутиб турарди. Суҳбат давомида Мухтор ўшанда ўйламай ваъда бериб қўйганини, бу ишга бош қўшмаслигини айтди. Улар Мухторни ўзларига оғдириб олиш мақсадида шошилмасликка, яна бир кунни белгилаб, яхшилаб гаплашиб олишини айтишди. Аммо Мухтор ўз фикрида қатъий туриб олди: “Бу ишга қўшилмайман”.

- Бўлмаса тинч юр, бирон кишига оғзингдан гуллаб қўйма, агар бирон гап чиқса, яхши бўлмайди, - деди Мухторни энди кўндириб бўлмаслигини тушунган Ғолиб. Аммо унга тилига маҳкам бўлиши лозимлигини қаттиқ уқтирди. Мухтор ҳам бунга рози бўлди. Сабаби у бу пайтда “ўйин”дан чиқса бўлди эди.

Ғолиб уни гапирмасликка кўндирган бўлса-да, унинг шериклари Мухтордан шубҳаланди ва Ғолибни қистовга олди: “Мухтор бизни сотиб қўймайдими?”. Ғолиб уларни танчлантирди: “Биз “иш”ни белгиланган кундан кейинга қолдирсак, бу воқеа Мухторнинг ҳам эсидан чиқиб кетади”. Шериклари унинг бу гапидан сўнг хотиржам бўлди.

Ҳамтовоқлар ишларини ўзлари режалаштиргандай Мухтор билан келишган кунда эмас, кейинроқ амалга оширди. 2019 йил 15 май куни Қўшработ тумани Дўстлик маҳалла фуқаролар йиғини, Боқичиғатой қишлоғи, Олтинмайдон фермер хўжалиги ҳудудида “Дамас”нинг салонидан Абдурашид Холбаев ва унинг оила аъзолари жасади қотиллик аломатлари билан топилди. Бу воқеа барчанинг қалбини ларзага келтирди.

Мухтор ҳам жабрдийдаларнинг дафн маросимларида қатнашди. Бу ишни танишлари қилганини билса-да, виждон амрига эмас, “эски” танишларига берган ваъдасини ўйлаб ҳеч кимга, на бирор ҳамқишлоғига, на ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ходимларга оғиз очмади. Унга бир оиланинг фожиали тақдири муҳим эмасди гўё. Ўзининг бу ишлардан четда қолганидан хотиржам бўлиб, мум тишлаб юраверди. Тушунмасдики, у ҳам айбсиз айбдорга айланган эди. Аслида бутун бир оиланинг ҳаётини сақлаб қолиши мумкин бўлган ҳолатда у ҳеч бўлмаганда жиноятни очишда, айбдорларни топишда ҳам ягона гувоҳ сифатида ўзини бефарқ тутди.

Бу мудҳиш қотилликнинг айбдорлари топилиб, уларга тегишли жазо тайинланди. Мухторнинг қилмиши ҳам кўп ўтмай фош бўлди. Суд вояга етмаган икки фарзанди ва оғир шароитини инобатга олиб, унга икки йилу олти ой озодликни чеклаш жазосини қўллашга ҳукм қилди.

Илҳом ХАМИДОВ,

жиноят ишлари бўйича Самарқанд вилояти суди судьяси.