Жомбой туманида 7 туп шумтол ва арча кесилгани бўйича жиноят иши очилган

Самарқанд вилояти прокуратураси томонидан Президентнинг “Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасини трансформация қилиш ва ваколатли давлат органи фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони ижроси юзасидан ўтказилган текширишда бир қатор қонунбузилиш ҳолатлари аниқланди.

Жумладан, давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахтлар қимматбаҳо навларининг кесилишига муддатсиз мораторий эълон қилинган бўлса-да, номаълум шахслар томонидан Жомбой тумани Назар маҳалласи ҳудудида 7 туп шумтол ва арча дарахтларини ноқонуний кесиб олиб кетилганлиги оқибатида табиатга 346,5 млн. сўм зарар етказилган.

8 июль куни номаълум шахслар жиноят изларини йўқотиш мақсадида дарахтларнинг илдизи ва тўнкаларини қазиб олиб кетиб, бошқа фуқаронинг уйига туширганлиги аниқланиб, масъулларга хабар берилиб, фотосуратлар ва видеолавҳалар тақдим қилинган бўлишига қарамасдан, ички ишлар органи масъуллари ашёвий далилларни олиб қўйиш ва далилларни қайд этиш чораларини кўрмаган.

Вилоят прокуратураси масъуллари 9 июлда ҳодиса жойига чиқиб, ички ишлар органлари ходимлари иштирокида тезкор-қидирув тадбирлари ўтказганда кесилган дарахт бўлаклари Назар маҳалласида яшовчи К.Ғ. ва И.К.ларнинг уйидаги ертўлага яшириб қўйилганлиги аниқланган ҳамда ашёвий далил сифатида олинган.

Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 198-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, бундай жиноят учун БҲМнинг 150 бараваридан 200 бараваригача миқдорда жарима ёки 300 соатдан 360 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки 2 йилдан 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд 1 йилдан 3 йилгача озодликни чеклаш ёки 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланади.

Етказилган моддий зарарнинг ўрни 3 карра миқдорида қопланган тақдирда, озодликни чеклаш ва озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазо қўлланилмайди.