Жомбойда бу йил 4 та мактаб филиали қурилди

Тумандаги 9, 13, 16 ва 48-умумий ўрта таълим мактаби филиаллари қурилиши учун 1,3 миллиард сўм сарфланган. Ушбу пуллар вилоят бюджетидан ажратилган.

Шунингдек, инвестиция дастури доирасида 26-мактаб капитал таъмирланган бўлса, 44-мактаб учун қўшимча бино ва спорт зали қурилган. Умумий ҳисобда 5,2 миллиард сўм сарфланган. Бу лойиҳа “Ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарори асосида молиялаштирилган.

Туманда “Обод қишлоқ” дастури асосида ҳам бир қатор муассасалар таъмирланган. Жумладан, Қўлбости маҳалласидаги 38-мактаб жорий таъмирланган, Ногаҳон маҳалласидаги 55-мактабда эса 240 ўринли ўқув биноси фойдаланишга топширилган. Бунинг учун қарийб 3 миллиард сўм маблағ йўналтирилган.

Бундан ташқари, яна 15 та мактаб туман маҳаллий бюджети ҳисобидан таъмирланган. Яна бир қатор мактабларда иситиш тизими янгиланган.

ОАВ ходимлари мазкур муассасаларда бўлиб, қурилиш ишлари сифати билан танишди. Ўрганиш жараёнида 55-мактабнинг янги қурилган қўшимча биноси учун жиҳозлар ҳали келмагани маълум бўлди.

Бундан ташқари, 13-мактаб филиалида ҳозиргача айрим камчиликлар бўлгани (ҳожатхона ва қозонхона том қисми битмаган) сабаб ота-оналар ОАВ ходимларига ўз эътирозларини билдирган. Ота-оналарнинг айтишича, синф хоналарига доскаларни илиб бўлмайди. Деворлар гипсокартондан қурилгани сабабли доска оғирлигини кўтаролмайди. Мутасаддилар махсус доскалар келтириш орқали муаммо ечим топиши, бошқа камчиликлар тез кунда бартараф этилишини маълум қилишди.