Жомбойда собиқ маҳалла раиси эҳтиёжманд оилаларга ажратилган ёрдам пулларни талон-тoрож қилгани аниқланди
Ижтимоий тармоқларда Жомбой тумани, Хитойпоён маҳалласининг собиқ раиси Қ.Б. томонидан йўлланган мурожаат тарқалмоқда. Унда айтилишича, мурожаат қилувчи 2019 йилда ушбу маҳалла раислигига 73 фоиз овоз билан сайланган. Аммо икки ой аввал эҳтиёжманд оилаларга ажратилган моддий ёрдам пулларини талон-торож қилганликда айбланиб, ишдан бўшатилган. Қ.Б. туҳматга қолгани, натижада обрўйига путур етгани, оиласи пароканда бўлаётганини айтиб ўтган.
Ушбу мурожаат Жомбой тумани ҳокимлиги томонидан ўрганилди.
Таъкидланишича, назарда тутилаётган пул маблағлари Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 29 июлдаги «Коронавирус пандемияси даврида аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламини янада қўллаб-қувватлаш тўғрисида»ги фармойиши асосида тарқатилган. Ҳудудларда ушбу тоифага мансуб оилалар рўйхатини шакллантириш маҳалла фуқаролар йиғини зиммасига юклатилган.
Маълумот учун, Жомбой туманида 38 та маҳалла мавжуд. Дастлабки босқичда маҳалла раислари тасдиқлаб берган рўйхатларга 1865 та эҳтиёжманд оила киритилган.
Aммо махсус ишчи гуруҳ томонидан ўрганилганда бир марталик моддий ёрдам олишга ҳақли оилалар рўйхатини тузишда қатор қонунбузилиш ҳолатларига йўл қўйилгани аниқланган. Жумладан, Хитойпоён ҳудуди бўйича маҳалла раиси тақдим этган қайдномада фуқаролар К.Ю. ҳамда A.Т., шунингдек, М.A. ва Н.М. алоҳида-алоҳида камбағал оилалар сифатида кўрсатилган. Ўрганиш давомида улар аслида бир оила экани ойдинлашган. Бундан ташқари, иқтисодий ҳолати барқарор, уй-жойи ва яшаш шароити яхши таъминланган A.A., М.Р., З.Б. оиласи асоссиз равишда рўйхатга киритилгани, айрим фуқароларнинг исм-шарифи рўйхатга икки марта қайд этилгани аниқланган. Натижада моддий ёрдамга муҳтож фуқаролар сони 15 нафарга кўпайтириб кўрсатилган. Ваҳоланки, ушбу маҳаллада ҳақиқатда муҳтож бўлган Ҳ.Ж. ва Ж.A. оиласи истиқомат қилса-да, моддий ёрдам олувчилар рўйхатга киритилмаган.
Ишчи гуруҳ маълумоти асосида туман прокуратураси терговга қадар текшириш ўтказган. Натижаси бўйича қонун талабларининг бузилиши, унинг келиб чиқиш сабаблари ва бунга имконият яратиб бераётган шарт-шароитларни бартараф этиш юзасидан туман маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлимига тақдимнома киритган.
Хитойпоён маҳалласи раиси Қ.Б.нинг ваколатлари вакиллар йиғилишининг 2020 йил 15 августдаги 2-сонли қарори билан муддатидан аввал тугатилган.