Жомбойлик 6 нафар “катта”нинг табиий газдан қарзи катта

Фойдаланилган табиий газ учун тўловларнинг вақтида амалга оширилмаганлиги сабабли Жомбой тумани аҳолисида анчагина қарздорлик йиғилиб қолган. “Ҳудудгаз Самарқанд” газ таъминоти филиали ва унинг туман бўлими ушбу қарзларни ундириш учун зарур чоралар кўряпти. Маҳаллаларда, корхона ва ташкилотларда огоҳлантириш, тарғибот ишлари олиб бориляпти ва бу ишлар изсиз кетмаяпти.

 - Уч кун аввал маҳалламиздаги табиий газдан қарзи бўлган 21 та хонадон аниқланиб, огоҳлантирилган эди, - дейди Гулистон маҳалласи раиси Жамшид Мирбобоев. – Бугунги кунга келиб, банк орқали пул ўтказишдаги айрим тушунмовчиликлар сабаб, 2 та хонадонда катта қарздорлик қолди. Бошқа хонадон эгалари тўловларни амалга оширди.

- Табиий газдан энг катта қарздорлиги мавжуд маҳаллалар билан ишлаяпмиз, хонадонма-хонадон киряпмиз, - дейди туман газ таъминоти филиали аҳоли ва улгуржи истеъмолчилар хизмати билан ишлаш бўлими бошлиғи Икром Рашидов. – Ачинарлиси, қарздорларнинг аксарияти мансабдор шахслар ва тадбиркорлар. 2 миллион сўмдан 6 миллион сўмгача қарзи бор хонадон эгалари 28 нафарни ташкил қилиб, уларнинг 2 нафари мансабдор шахс, 4 нафари йирик тадбиркор экан. Аччиқ гап, огоҳлантиришдан сўнг улар тўловни амалга оширяпти.

Тумандаги 22 минг 616 хонадоннинг 9865 таси табиий газдан фойдаланади. Шу пайтга қадар 700 дан зиёд хонадонда замонавий “ақлли” ҳисоблагич ўрнатилди.

2020 йил 1 август ҳолатида Жомбойда табиий газдан 10 миллиард 783 миллион сўм дебитор қарздорлик мавжуд.