Журналистларнинг Янги йилдаги кутилмаган ҳолатлари
Янги йил болаликдаги орзулар, Қорбобо совғасию мўъжизалар кутиш билан севимли байрамимизга айланган. Нафақат болалар, катталар учун ҳам бу байрам ўзига хос завқли, болаликка қайтишдир. Вилоятдаги оммавий ахборот воситалари ходимларининг баъзиларидан Янги йилдаги “саргузашт”лари ҳақида сўраб олдик.
Аккордеон кўтара олмаганман
Ўктам Худойбердиев, "Зарафшон" газетаси мухбири:
- Болалигимда Янги йил умуман бошқача бўларди, ҳозиргидек кўчаларда чироқлар йўқ эди, телефон, “колонка”, мусиқа, ёритгич чироқлар қаёқда дейсиз. Ҳар бир гузар ўзи нишонлар эди. Кўчада баллон ёқардик. Мусиқа қўйилмас, ўзимиз қўшиқ куйлардик. Кимдир рубоб, яна кимдир дутор, айримлар аккордеон, доира чаларди.
Эсимда, бир йили Янги йил куни тизза бўйи қор ёққанди. 8 ёш эдим, отам танишиникига аккордеон олиб кел, деб юборди. Аккордеонни олдиг-у, аммо уни кўтара олмадик. Ноилож, қорда судрашга тўғри келди. Қишлоқдаги йўлларимиз пастдан тепага қараб чиқиш керак эди. Йўлнинг ярмига келганда, тепаликка чиқа олмай, пастга думалаб кетдим, аккордеонни уйга олиб келгунча бир неча маротаба қорга йиқилдим. Лекин қанча қийналмай, отамга аккордеонни олиб келиб бергандим. Қўлларига топширгач, уйга кириб ётдим, чунки жуда совуққотган, ваража қилаётгандим. Янги йилда ухлаб қолибман. Байрамдан сўнг бир ҳафта касал бўлиб ётгандим.
Кутилмаган учрашув
Ёрмамат РУСТАМОВ, “Самаркандский вестник” газетаси мухбири:
- Байрам арафасида телевидениеда ҳар галгидек иш қизғин. Раҳбарият топшириғига кўра, “Хабарлар” таҳририяти ходимлари уч гуруҳга бўлиниб, Янги йилга алоҳида ноанъанавий кўрсатув тайёрлашимиз керак эди. Бизнинг гуруҳимиз келишувга кўра, Чўпонота қирларига чиқди. Сценарий бўйича, Қорбобо баланд тепаликдан машинада Қорқиз билан бирга тушиб келиши, йўлда унинг машинаси бузилиб, тўхтаб қолиши керак. Сўнгра Қорқиз машинадан тушиб, уни итариши лозим. Қорбобо ролини камина, Қорқиз ролини Гулчехра Бердиёрова бажаряпмиз. Сценарий бўйича кўрсатувни олаётганимизда Қорқиз машинани итараётганда, қора “Нексия” тўхтаб, бир киши “Ёрдам керак эмасми, бензин тугадими?”, деб қолса бўладими.
Мен унга вазиятни, бу телевизион сценарий эканлигини тушунтирдим.
- Мени танимадинглар шекилли?
- Йўқ, танимай турибмиз...
- Муҳриддин Холиқовман.
Қишки уст-бош, телпакда бўлгани учун таниқли эстрада хонандамизни ростдан танимай қолибмиз. Мен пайтдан фойдаланиб, у кишидан Самарқанд телевидениеси учун интервью беришни илтимос қилдим. Муҳриддин ака бироз ўйланиб туриб, ҳеч қачон кўчада интервью бермаганлигини, аммо Янги йил муносабати билан самарқандлик мухлисларига тилаклари борлигини айтиб, рози бўлди.
Хуллас, Янги йил сюжетимиз кутилмаган учрашувларга бой тарзда “Чўпонотадаги учрашув” деб номланган кўрсатув бўлиб эфирга узатилди. Афсуски, бу учрашув эстрада юлдузи билан энг сўнгги суҳбат эканлигини билмаган эдим.
Айбсиз айбдор бўлгандим
Акрам Ҳайдаров, Zarnews.uz сайти муҳаррири:
- Бу воқеага 20 йил бўлиб қолди. Уйда болалар билан қизғин байрам ўтказилаётганди. Сигарет чекиш учун “дом” ҳовлисига чиқдим. Ўриндиқда бир рус онахон ўтирганди. Сигаретни чекиб бўлиб, қолдиғини пастга ташлашимни биламан, юқоридан кимдир пақилдоқ ташлади. Буни қарангки, иккаласи бир жойга тушиб, пақиллади.
Онахон баланд овоздан чўчиб тушди-да: “Болам, кап-катта бўлсанг, пақилдоқ ташлашга уялмайсанми?”, деб дакки берди. Ўзимни оқлаш учун ҳеч нарса деёлмадим. Онахоннинг олдида роса хижолат бўлганман. Байрам яқинлашса, ўша воқеа эсимга тушаверади.
Уйда ёлғиз
Дилмурод Тўхтаев, “Зарафшон” газетаси мухбири:
- Ўша йиллари Қорбобо кийимини топиш қийин эди. Янги йил куни Қорбобо бўлишимга тўғри келди. Уйдаги эски телпак, астари сариқ рангли чопоннинг тескари томонини кийиб, белимга белбоғ тақдим, пахтадан соқол ясадим, халтага совғаларни солиб, кундуз куни қариндошларникига бордим. Байрам зўр бўлганми, ишқилиб, уйга келиб, ухлаб қолибман.
Кеч бўлганда уйғондим, қарасам, уйда ҳеч ким йўқ, ҳамма опамларникига кетган. Биз Янги йилни опамларникида кутишга келишиб олгандик. Ўзим ният қилгандим соат 12.00 ларга опамларникига Қорбобо бўлиб кириб бораман деб. Телпагим, чопонимни кийиб, соқолимни тақдим, халтага жиянларимга қанд-қурс, совғалар солиб, йўлга отландим. Опам биздан анча олисда яшарди, йўлнинг ярмини кесиб бўлгандим, соат миллари 23.30 ни кўрсатар, байрам киришигача улгурар эканман, деб кетавердим.
Тўсатдан йўлимдан бир гала кучук чиқиб қолди. Мени қувиб кетди, йўлни ўртасидаман, нима қиларимни билмайман, халтамни ҳам ташлаб, уйим томон қочиб келдим. Ўшанда опамлар Қорбобони роса кутишган. Лекин Қорбобо бора олмаган.
Янги йилда бир аср ухлаганман
Умида Мамадалиева, вилоят телерадиокомпанияси катта муҳаррири:
- Бизнинг болалик бошқача давр бўлганлиги учунми ёки арча ўйинчоқларини, уй безакларини ўзимиз рангли қоғозлардан ясаганимизгами - бошқача завқ-шавқи бор эди. 5 ёки 6 синф ўқувчиси эдим, аниқ эсимда йўқ. Янги йилни кутиб оламан, соат 12 га яқинлашганда мени уйғотинглар, деб ота-онамга айтиб, ухладим. Эрталаб турсам соат 9.
“Нега уйғотмадингиз?”, деб ойимдан сўрасам, даданг роса ҳаракат қилдилар уйғотишга. Тур, Янги йил киряпти, десалар ҳам уйғонмадинг, дедилар.
Шундай дедилар-у дадамга қараб, кўз қисиб қўйганларини сездим. Мени уйқуси бузилмасин, ором олсин, деб уйғотмабдилар.
Улардан аразладиму, аммо ота-она меҳрининг устунлигини яна бир карра ҳис қилдим. Шундай қилиб, Янги йилда бир аср ухлаганман.
Кўзимизни боғлаб, совға олардик
Гулнора Холдорова, Zarnews.uz ходими:
- Оилада 5 фарзандмиз. Янги йил энг орзиқиб кутган байрамимиз эди. Раҳматли дадажоним ўз корхонасидан, аяжоним ўз корхонасидан 5 тадан совға олиб келишарди.
Биз, болаларнинг хурсандчилигимизнинг чеки йўқ, ҳамма совғани ўртага бўшатиб, конфетини конфетга, шоколадини шоколадга, ёнғоғини ёнғоққа ажратиб олардик. Оҳ, мандаринлар… ичига биттадан қўйилган мандаринлар ҳидини айтмайсизми… Янги йил ҳиди келарди улардан. Чунки асосан, Янги йилда баҳраманд бўлардик-да, бундай камёб неъматдан.
Кейин шоколаду конфетлар ипга осилиб, кўзлар боғланарди. Шу ҳолатда қайчи билан ким кесишга муяссар бўлса, ширинлик ўшаники… Қанчалик завқ бағишларди ўз совғангни ҳам тиришиб олиш… Дераза ортида эса тизза бўйи ёққан оппоқ қор…
Муниса Шамсиева тайёрлади.