Кадастр ҳужжатлари рақамлаштирилса, уй маълумотларини интернетдан кўрамиз
Президентимизнинг 2016 йил 3 августдаги қарори асосида умумий қиймати 35,77 миллион АҚШ доллари бўлган лойиҳани амалга ошириш учун Жаҳон банки томонидан 20 миллион доллар миқдорида кредит маблағи ажратилди. 2017-2021 йилларга мўлжалланган ушбу лойиҳа доирасида геоахборот тизимлари ва веб-технологиялардан электрон ҳукумат тизимининг таркибий қисмлари сифатида фойдаланиш, кўчмас мулкни рўйхатдан ўтказишнинг интеграллашган ахборот тизимини яратиш, амалдаги рўйхатдан ўтказишнинг «қоғозли тизими»ни тубдан янгилаш режалаштирилган.
- Мамлакатимизда бу каби тизимнинг яратилишида ермулккадастр соҳасида фуқароларга ва тадбиркорларга кўрсатилаётган давлат хизматлари сифатини яхшилаш, муддатларини қисқартириш ва энг асосийси, тақдим этилаётган маълумотларнинг аниқлигини ошириш кўзда тутилган, - дейди «Ергеодезкадастр» қўмитаси мутахассиси Бекзод Нишонов. - Ушбу лойиҳа жараёнида маълумот олиш истагида бўлган барча фуқаролар, корхона-ташкилотларга электрон веб-портал орқали ахборот бериш йўлга қўйилади. Бунинг учун Жаҳон банки мутахассислари билан биргаликда мазкур соҳада дунёда етакчилардан бўлган Финляндия ва Швециянинг «Compet-Terra & FGC» қўшма корхонаси мутахассислари ҳам кўмак беришади. Улар иштирокида мамлакатимизда давлат хизматлари кўрсатишни жаҳон андазаси даражасига олиб чиқиш режалаштирилган. Яъни, ҳозирда республикамизда кадастр ва рўйхатдан ўтказиш тизимида ҳужжатларнинг катта қисми қоғоз кўринишида сақланади. Давлат хизматлари кўрсатишни тезлаштириш, аниқликни ошириш мақсадида эндиликда барча ҳужжатлар, реестрлар рақамли кўринишга келтирилади. Бу жойлашган жойи бўйича геобоғланиш орқали ҳар бир объектнинг жойини электрон хариталарда аниқ кўрсатиш имконини беради.
Тадбирда «Ергеодезкадастр» давлат қўмитаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Т.Абдуллаев ва вилоят ҳокимининг ўринбосари вазифасини бажарувчи А.Шукуров иштирок этди.
Ў.ХУДОЙБЕРДИЕВ.