Кадрлар тайёрлаш уларни ишга олишдан кўра мураккабдир

Мен бу хулосани шу соҳадаги тажрибамга асосан айтяпман. Яшириб ўтирмайман, йиллар давомида кадрларни танлаш ва уларни тайёрлаб бориш соҳасида эътиборсизликка йўл қўйилди. Захиралар муқим бўлмади. Натижада айрим тармоқларга дуч келган зиёлини, тажрибали ходимни раҳбар қилиб қўйишга тўғри келди.
Гарчи, кейинги 5-6 йил ичида кадрлар захираси шаффофлигига эришилаётган бўлса-да, баъзи ҳолларда эскича қарашлардан қутулишнинг иложи бўлмаяпти. Бу эса ўз навбатида фидойи кадрларимизнинг ҳам кайфиятига таъсир қиляпти.
Кейинги икки йилда маҳалладаги ҳоким ёрдамчилари, хотин-қизлар фаоллари, ёшлар етакчилари штатларининг жорий этилиши ва уларнинг давлат фуқаролик хизмати агентлиги орқали танлаб олиниши ғалвирни сувдан кўтарган билан баравар бўлди. Биз ўзимизча кўз остимизга олиб юрган, фидойилик билан ўзини кўрсатган жуда кўп ёшлар, мутахассислар тест синовларидан ўта олмадилар. Натижада уларнинг ўрнига янгилари ҳужжат топширишди. Ҳатто шу лавозимда тайинлангандан кейин ҳам айримлари масъулиятни етарли даражада ҳис қилмадилар. Уларни ҳам алмаштиришга тўғри келди. Демоқчиманки, кадрларни бевосита ҳаётнинг қизғин жойида синаш, уларга ўз устида ишлашни мунтазам ўргатиш керак.
Умуман, йил бошидан буён давлат фуқаролик хизматчилари вакант лавозимларининг ягона очиқ портали - vacancy.argos.uz платформаси орқали шаҳар ҳокимлиги томонидан 650 вакант лавозимлар бўйича очиқ танловлар эълон қилинди. Бу танловда 1750 нафар фуқаро иштирок этди. Дарвоқе, ҳужжат топширганларнинг 25 фоизи, 4 минг нафардан ортиғи хотин-қизлардир.
Таҳлиллар шуни кўрсатяптики, битта вакант ўринга 17-20 киши ҳужжат топширган. Танловда ғолиб чиққан 650 нафар ғолибнинг 297 нафари 30 ёшгача, 78 нафари давлат хизматига биринчи марта қабул қилинганлардир. Бинобарин, улардан 5 нафарини бевосита шаҳар ҳокимлиги бошқарув аппаратига ишга олдик.
ОТМлар битирувчилари билан жуда яқин муносабат ўрнатганмиз. Чунки жуда кўп соҳаларга айнан ана шу йигит-қизлар орасидан кадрлар танлаб оляпмиз. Истиқболли кадрлар захираси шунчаки рўйхат эмас, биз 3-4-курс талабалари билан суҳбатлар чоғида уларнинг ички интизоми, сўзлаш маданияти, фикрлаш қобилиятини ўрганяпмиз. Кейин алоҳида рўйхат тузган ҳолда, гуруҳларга бўлиб, давр сиёсати, ислоҳотлар самараси, мутахассислик моҳияти юзасидан суҳбатлар ўтказяпмиз. Айниқса, охирги курсдаги амалиёт жараёнини тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда мазмунли ташкил этиш, талабчанликни йўлга қўйиш аксарият истиқболли захирамиздаги ёшларнинг қобилиятини намоён этишга ёрдам берди. Мисол учун, Самарқанд давлат тиббиёт университети битирувчиси Б.Дониёров шаҳардаги 8-оилавий поликлиникада амалиёт ўтади. Поликлиника маъмурияти бу йигитни диплом олган куниёқ ишга қабул қилди. Чунки у амалиёт жараёнида жамоага ўз билими ва иқтидорини, интизомини кўрсата олган эди. Самарқанд давлат университети битирувчиси М.Мавлонов ҳам муваффақиятли амалиётдан сўнг шаҳардаги 51-умумтаълим мактабида иш бошлади.
Умуман, биз истиқболли кадрлар захирасида шакллантирилган 368 нафар битирувчининг 367 нафарини турли давлат идораларига ишга жойлаштиришга эришдик. Уларнинг 7 нафари олий таълим муассасаларига, 40 нафари халқ таълими тизимига, 31 нафари тиббиётга, қолганлари иқтисодиёт, банк-молия, касб-ҳунар мактаблари, қурилиш ва сув хўжалиги соҳаларига жойлашди.
Истиқболли кадрлар захираси мунтазамлилиги таъминланмоқда. Яъни, бу рўйхат тугамайди, аксинча, унинг номзодлари кўпайиб бораверади. Биз бу ишга вилоятдаги етук сиёсатчиларни, олимларни, ишлаб чиқариш илғорларини, тажрибали раҳбарларни жалб этганмиз. Улар юқори курс талабалари, битирувчилар, айниқса, захирадаги кадрларимиз билан самимий суҳбатлар ўтказяпти. Янги ўқув йилидан бошлаб улар ўртасида онлайн ва офлайн танловлар уюштиришни режалаштириб турибмиз.
Яқинда “Давлат фуқаролар хизмати тўғрисида”ги қонун қабул қилинди. Бу қонун олиб борилаётган ишларимизга янгича мазмун-моҳият бағишлайди. Чунки асосий мақсад - жамиятни ривожлантириш йўлида унинг тараққиёти учун хизмат қила оладиган муносиб йигит-қизларни тайёрлашдир. Буборада эса бизга тизимда йўлга қўйилган шаффофлик ва интизом қўл келади.
Алимардон Раҳматуллаев,
Самарқанд шаҳар ҳокимлиги ташкилий-кадрлар гуруҳи раҳбари.