Кам таъминланган оилаларга моддий ёрдам нафақасини тайинлашда аризалар қандай тартибда кўриб чиқилади?

Амалдаги Низомнинг 14-бандида болали оилаларга нафақа, бола парвариши бўйича нафақа ёки моддий ёрдамни тайинлаш учун аризалар фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органига оила ушбу нафақа ёки моддий ёрдам олишни хоҳлаган ойдан олдинги ойнинг 15-кунидан кечикмай, бироқ ижтимоий нафақа ва моддий ёрдам тўлаш муддати тугайдиган ойдан кейин (бола 2 ёшга тўлгунига қадар уни парвариш қилиш бўйича нафақа бундан мустасно) тақдим этилади.

Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи томонидан ариза берувчи ва унинг оила аъзолари таркиби, уларнинг иқтисодий ҳолати, оиланинг томорқа ер ва/ёки деҳқон хўжаликларининг майдони ва аризада кўрсатилган манзил бўйича ариза берувчи ва унинг оила аъзолари яшаётганлигини текширади. Аризада кўрсатилган маълумотлар ишончлилиги фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи томонидан ушбу низомда белгиланган шакл бўйича тасдиқланади.

Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи ҳар уч иш кунида камида бир марта, бироқ ариза берилган ойнинг 18-кунидан кечиктирмай, ариза ва тақдим этилган ҳужжатларни ҳамда оиланинг таркиби, иқтисодий аҳволи тўғрисидаги маълумотларни тегишли Пенсия жамғармаси бўлимига тақдим этади.

Ижтимоий нафақа ёки моддий ёрдам тайинлаш тўғрисида қабул қилинган аризалар Пенсия жамғармаси бўлимининг масъул ходими томонидан ариза берилган ойнинг 25-кунидан кечиктирилмай, «Ягона реестр» ахборот тизимига киритилади.

Оиланинг ҳар бир аъзосига тўғри келадиган ўртача ойлик жами даромаднинг ҳисоб-китоби ариза берилган ойдан кейинги ойнинг 1-кунигача «Ягона реестр» АТ томонидан автоматлаштирилган тарзда амалга оширилади. Ижтимоий нафақа ёки моддий ёрдам тайинлаш ёки тайинлашни рад этиш «Ягона реестр» АТ томонидан автоматлаштирилган тарзда амалга оширилади. Яъни, қарор қабул қилинишида Пенсия жамғармаси ходимларининг (инсон омилининг) қатнашиши мавжуд эмас.

Абдурашид РАҲИМОВ,

Бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси вилоят бошқармаси бўлим бошлиғи.