Ижтимоий нафақа ёки моддий ёрдам тайинлаш ҳақидаги аризалар қандай ҳолларда рад этилади?

Қуйидаги ҳолатлар мавжуд бўлганда тегишли ижтимоий нафақа ёки моддий ёрдамни тайинлаш рад этилади:

а) ариза берувчининг доимий ёки вақтинчалик пропискаси йўқлиги;

б) ариза берувчи оиланинг ҳар бир аъзосига тўғри келадиган ўртача ойлик жами даромад вақтинчалик низомнинг 7-бандида белгиланган мезонлардан кўплиги;

в) идоралараро электрон ахборот тизими орқали кадастр ахборот тизимида ариза берувчи ва унинг оила аъзоларида жами биттадан ортиқ кўчмас мулк мавжудлиги;

г) ариза берувчи ёки унинг оила аъзоларида:

- ишлаб чиқарилган муддати 10 йилдан ошмаган, техник ҳолати соз бўлган автотранспорт воситаси мавжудлиги;

- жами икки ва ундан ортиқ, техник ҳолати соз бўлган автотранспорт воситалари мавжудлиги;

д) даромадларнинг расмий манбаларига эга бўлмаган ва охирги олти ой мобайнида меҳнат органларига мурожаат қилмаган ва ҳисобда турмаган ёки ҳақи тўланадиган жамоат ишлари иштирокчиси ҳисобланмаган оиланинг меҳнатга лаёқатли аъзоси мавжудлиги.

Тегишли нафақа ёки моддий ёрдам тайинлаш рад этилганда, ариза берувчига «Ягона реестр» АТ орқали рад этиш сабаблари кўрсатилган ҳолда (аризада кўрсатилган электрон манзилига ёки СМС-маълумот орқали мобил телефон рақамига) электрон билдиришнома  юборилади.

Болали оилаларга нафақа, бола парвариши бўйича нафақа, моддий ёрдам ва компенсация тўлови тўлов ойининг 4-кунидан 27-кунига қадар АТ «Халқ банки»нинг туман (шаҳар) бўлимлари (филиаллари) орқали нақд пул ёки фуқаронинг хоҳишига кўра, нақд пулсиз банк ҳисобварақлари (карточкалари) орқали тўланади.

Абдурашид РАҲИМОВ,

Бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси вилоят бошқармаси бўлим бошлиғи.