Янги йил арафасида Самарқандда 46948 оила моддий ёрдам олади
Президентнинг 2021 йил 21 декабрдаги “Аҳолининг кам таъминланган қатламларини қўллаб-қувватлаш ва ижтимоий ҳимоясини янада кучайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига кўра, шу йилнинг декабрь ойида “Темир дафтар” рўйхатида бўлган оилаларга, шунингдек, 18 ёшга тўлмаган фарзандлари бор боқувчисини йўқотганлик пенсияси ёки нафақасини олувчи ҳамда 18 ёшгача болалар учун ногиронлик нафақасини олувчи оилаларга 800 минг сўм миқдорида бир марталик моддий ёрдам кўрсатилади.
Президент қарори ижросини таъминлаш мақсадида Самарқанд вилояти ҳокими томонидан 23 декабрда қабул қилинган қарорда моддий ёрдам пулларини шу йилнинг 30 декабрига қадар оилаларга етказиш белгиланди.
Самарқанд вилояти ҳокимлиги иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш бошқармасидан олинган маълумотларга кўра, айни пайтда вилоятдаги 1049 та маҳалла фуқаролар йиғинида “Темир дафтар” рўйхатида бўлган 14093 оила ушбу бир марталик моддий ёрдам маблағлари ажратиш кўзда тутилган.
Шунингдек, бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси вилоят бошқармаси томонидан 18 ёшга тўлмаган фарзандлари бор боқувчисини йўқотганлик пенсияси ёки нафақасини олувчи ҳамда 18 ёшгача болалар учун ногиронлик нафақасини олувчи оилалар рўйхати ҳам шакллантирилган.
– Бугунги кунда вилоятимизнинг барча туман ва шаҳарларида ушбу тоифадаги оилалар 32 минг 855 тани ташкил этиши аниқланди, – дейди Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси Самарқанд вилояти бошқармаси бошлиғи А.Неъматов. – Уларнинг рўйхатлари тузилиб, бир марталик моддий ёрдам тўлаш бўйича далолатномалар Халқ банкига тақдим этилди. Байрамгача бу оилалар 800 минг сўмдан моддий ёрдам пулини олади.
Янги йил байрами арафасида вилоят бўйича 46948 оилага жами 37 миллиард 558 миллион 400 минг сўм миқдорида бир марталик моддий ёрдам берилади.