Камтар, аммо талабчан ўқитувчи эди

 Устоз жамият биносининг бинокори, онгу тафаккур муҳандислари ва маърифат боғининг боғбонларидир. Заҳматкаш педагог Баҳриддин Муранов ана шундай инсонлардан бири эди.

Б.Муранов 1958 йил 22 январда Оқдарё тумани Даҳбед қўрғонида туғилди. Иштихон туманидаги 57-ўрта мактабда ўқиди. 1976-1980 йилларда Самарқанд давлат педагогика институтининг «Умумтехника фанлари ва меҳнат таълими бўлимини имтиёзли диплом билан тамомлади.

Дастлаб иш фаолиятини Қўшработ туманидаги 4-ўрта мактабда меҳнат таълими ўқитувчилигидан бошлади. Сўнг «2-мактаблараро ўқув ишлаб чиқариш комбинати”да ўқув тарбиявий ишлар бўйича директор ўринбосари вазифасида ишлади.

1983 йилдан Самарқанд давлат педагогика институтида «Физика ва меҳнат таълими методикаси» кафедрасида муҳандис-методист, сўнгра декан ўринбосари вазифаларида фаолият юритди.

Билимга чанқоқлиги боис 28 ёшида собиқ иттифоқ педагогика фанлари академиясида «Меҳнат ва касб таълими» институтида илмий тадқиқотчи, 1988-1991 йилларда эса аспирантурада ўқиди. Физика соҳасида етук мутахассис бўлиб етишган Баҳриддин ака Самарқандга келгач, СамДУнинг «Физика ва меҳнат таълимини ўқитиш методикаси» кафедрасида илмий даражали катта ўқитувчи, доцент вазифаларида ишлади.

Меҳнатдан ажралмаган ҳолда Қори Ниёзий номидаги Ўзбекистон педагогика фанлари илмий тадқиқот институтида докторантурада ўқигач, 1998-2000 йилларда ўрта махсус касб ҳунар таълими маркази, ўрта махсус касб ҳунар таълимини ривожлантириш институтида бош илмий ходим, сўнгра бўлим бошлиғи вазифаларида ишлади. Сўнг Қўшработ бизнес коллежида директорнинг ўқув ишлари бўйича ўринбосари, Самарқанд қишлоқ хўжалик институтининг педагогика ва психология кафедрасида ўриндошлик вазифасида доцент лавозимида ишлади.

Б.Муранов 2000-2012 йиларда Самарқанд вилоят халқ таълими педагог ходимларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институтида, 2012-2018 йилларда Самарқанд давлат университетида кафедра мудири вазифасида ишлади.

У Самарқанд педагоглар малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш институтининг фахрий профессори, 2006 йилдан «Халқ таълими аълочиси».  

20 дан зиёд магистрлик диссертацияларига раҳбарлик қилди. Ихтисослашган кенгашлар  илмий семинари раҳбари ва котиби вазифаларини бажарган.

2019 йил август ойидан умрининг охиригача Иштихон туманидаги 91-умумталим мактабида технология фани ўқитувчиси лавозимида ишлади.

 Б.Муранов республикамиз олий ва ўрта махсус ўқув юртларидаги бешта таълим йўналишлари бўйича ДТСларининг муаллифларидан бири, биринчи “Миллий дастур” лойиҳасини тайёрловчи ишчи гуруҳ аъзоси, 2 та монография, 20 та ўқув қўлланма, 27 та услубий қўлланма ва тавсиялар, 50 дан ортиқ хориж ва республикамиз журналларидаги мақолалар муаллифидир.

Яхшиларнинг номи ҳамиша абадий, дейди халқимиз. Баҳриддин Муранов ҳам яхши ишлари билан биз, шогирдлари ва яқинлари қалбида узоқ сақланади.

Саноат Зоҳидова,

СамДУ мактабгача таълим, педагогика-психология кафедраси мудири,

Насиба Насимова,

 кафедра ўқитувчиси.