Карантин пайтида иш ҳақи тўланадими?

Бутун дунё халоватини ўғирлаган COVID-19 коронавируси афсуски, мамлакатимиз сарҳадларига ҳам кириб келди. Бу ўз навбатида, юртдошларимизда турли саволларни пайдо қилмоқда. “Коронавирус ойлигимизга таъсир қиладими?”, “Таълим ва тарбия муассасалари ёпилган бўлса, ишга борамизми?”, “Маошимиз қандай тўланади?”, “Ўқишимиз ёпилди, энди биз амалиётга бормаймизми?” каби саволлар туғиляпти.

Бу вазиятда аввало, инсон ўз хотиржамлигига эришиши керак. Ўз соғлиғига беъэтибор бўлмасдан, тавсия этилган кўрсатмаларга амал қилган ҳолда санитария-гигиена қоидаларига тўлиқ риоя қилишлари мақсадга мувофиқ.

Шу билан бирга, ваҳима билан савдо дўконларидан керак ва нокерак маҳсулотларни олишга шошилмаслик зарур. Бундан айрим “учар савдо ходимлари” ўз манфаатлари йўлида фойдаланиб қолишлари мумкин. Эътиборингизни шахсий гигиенага қаратинг, сифатли овқатланинг, витаминлар қабул қилиб, иммунитетингизни кўтаринг ва яхши ҳаёт кечиринг!

Энди юқорида фуқароларда пайдо бўлаётган саволларга тўхталиб ўтсак. Меҳнат кодексининг 219-моддасига асосан ходим иш жараёнида ўзининг ҳаёти ёки соғлиғига таҳдид солувчи ҳолатлар юзага келиб қолганлиги тўғрисида иш берувчига дарҳол хабар қилади. Меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларига риоя этилишини текшириб бориш ва назорат қилиш билан шуғулланувчи органлар ана шу ҳолатларни тасдиқлаган тақдирда иш берувчи бу ҳолатларни бартараф этиш чораларини кўради. Агар зарур чоралар кўрилмаса, ходим ўзининг ҳаёти ёки соғлиғига таҳдид солувчи ҳолатлар бартараф этилгунга қадар тегишли ишни бажаришни рад этишга ҳақлидир. Ана шу давр мобайнида ходимнинг ўртача иш ҳақи сақланади.

Меҳнат кодексининг 285-моддасида эса вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик нафақаси касал бўлганда, меҳнатда майиб бўлган ёки бошқача тарзда шикастланганда, шу жумладан, турмушда жароҳатланганда, оиланинг бетоб аъзосини парвариш қилганда, карантин эълон қилинганда, санаторий-курортда даволанганда ва протез қилинганда тўланади.

Бундай нафақа меҳнатда майиб бўлган ва касб касаллигига чалинганда иш ҳақининг тўлиқ миқдорида, бошқа ҳолларда эса ходимнинг давлат ижтимоий суғуртаси бадалларини тўлаган муддатига (умумий иш стажига), қарамоғидаги вояга етмаган болаларининг сони ва бошқа ҳолатларга қараб, иш ҳақининг 60 фоизидан 100 фоизигача миқдорда тўланади.

Нафақанинг энг кам миқдори қонун ҳужжатларида белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг 35,2 фоизидан оз бўлмаслиги ва нафақа ҳисоблаб чиқариладиган иш ҳақи миқдоридан ортиб кетмаслиги лозим.

Қонунчиликка асосан, карантин вақтида мактабгача таълим муассасасида тарбияланаётган болага қараш учун ота-онасидан бирига ёки оиланинг бошқа аъзосига санитария-эпидемиология назорати маркази томонидан карантин белгиланган, лекин 14 календарь кунидан ошмаган муддатга Соғлиқни сақлаш вазирлиги ёки унинг жойлардаги бошқармалари рухсати асосида эпидемиолог ёки санитар врач томонидан меҳнатга лаёқатсизлик варақаси берилади. Шу варақага эга бўлганларнинг ишга бормагандаги ўртача ойлик иш ҳақи сақланиши керак.

Яна бир муҳим гап. Фуқаролар ахборот олаётганда унинг расмий манбасига эътибор қаратишлари зарур. Ҳозирги ахборот асрида турли манфаатли кишилар аҳолининг ваҳимага берилишидан фойдаланиб қолиши мумкин.

Тиб қонунлари асосчиси, улуғ бобомиз Абу Али ибн Сино айтади: “Ваҳиманинг ўзи ярим касалликдир. Хотиржамлик ярим соғлиқдир.”

Ҳукуматимиз томонидан барча ҳудудларда коронавирусни текшириш учун асбоб-ускуналари, тест воситалари ҳамда ҳимоя воситалари билан таъминланди. Бу эса аҳоли саломатлиги доимий эътиборда эканини яна бир карра тасдиқлайди.

Ўзингизни ва яқинларингизни асранг!

Нодир ЖУМАЕВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, иқтисод фанлари доктори, профессор.