Иш вақти соат 8:00 дан 20:00 гача... Қонунчилигимиз бунга нима дейди?

Кейинги пайтларда дунё бўйлаб иш берувчилар томонидан ходимлар учун тўлиқсиз иш куни ва мослашувчан иш жадвалини жорий этиш тобора оммалашмоқда. Хусусан, ижтимоий тармоқларда айтилишича, Буюк Британияда жаҳонда биринчи марта синов тариқасида 4 кунлик иш ҳафтасига ўтиш бошланган. Бу дегани, ҳафтада 5 ёки 6 кун эмас, 4 кун ишланади.

Бу амалиёт синов тариқасида 6 ой давом этади ва унда мамлакатдаги маҳаллий ва йирик молиявий 70 та компания ходимлари, 4 кунлик иш ҳафтасида иш ҳақи камайтирилмаган ҳолда меҳнат қилади.

Шундай бир шароитда, яъни ривожланган давлатларда иш ҳафтасини қисқартиришни самарали йўллар билан синаб кўрилаётган бир пайтда бизда айрим корхоналар иш вақтини ошириш ҳақида бош қотираётгандек назаримизда. Мисол учун, яқинда бир телеграм каналида берилган эълон эътиборимни тортди. Унда пойтахтдаги хусусий корхоналарнинг бири 18 ёшдан 25 ёшгача бўлганларни ишга таклиф қиляпти.

Бу ерда гап эълон ҳақида эмас, унда иш берувчи томонидан бир кунлик иш вақтининг 12 соат деб белгилаганида, яъни соат 8:00 дан 20:00 гача. Хўш, бу ҳақда қонунчилигимизда нима дейилган?

Меҳнат кодекси 115-моддасига кўра ходим учун иш вақтининг нормал муддати ҳафтасига 40 соатдан ортиқ бўлиши мумкин эмас. 6 кунлик иш ҳафтасида ҳар кунги ишнинг муддати етти соатдан, 5 кунлик иш ҳафтасида эса саккиз соатдан ортиб кетмаслиги лозим.

Ушбу эълонда корхонанинг полиэтилен пакет ишлаб чиқаришга ихтисослашгани айтиляпти. Демак, пакет тайёрлаш жараёнида кимёвий маҳсулотлар ишлатилади. Бу ҳолатда иш берувчига яна бир қатор мажбуриятлар юкланади. Масалан, зарарли иш шароити бўлган жойларда меҳнат конунчилигига асосан устама ҳақ тўланади ёки иш соати қисқартирилади ва ишчи зарарли муҳитда камроқ бўлади, камроқ зарарланади. Шу сабабли кўпгина кимё саноати корхоналарида иш соати кунига 4 ёки 6 соат қилиб белгиланган. Юқорида эълон бераётган корхона эса иш соатларини меҳнат муносабатларига оид ҳужжатларда белгилаб қўйилган вақтга беписанд қарамаяптими?