Март ойида 1716 та ҳолатда ходимлар иш вақтидан ташқари, 734 тасида дам олиш кунлари ишга жалб этилгани аниқланди
Ташкилот ва идораларда иш вақти меъёрларига қатъий амал қилинишига эришиш, ходимларнинг иш вақтидан ташқари, дам олиш кунлари ишга жалб этишилига барҳам бериш мақсадида Бандлик ва меҳнат муносабатлари Давлат меҳнат инспекцияси томонидан тизимли ишлар амалга ошириляпти.
Айни мазмунда келиб тушган мурожаатлар асосида мониторинглар ўтказилиб, қонун бузилишига йўл қўйган масъулларга нисбатан жазо чоралари кўриляпти.
Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг маълум қилишича, 2020 йил март ойи ҳолатида Давлат меҳнат инспекцияси томонидан 3993 марта мониторинг ўтказилди. Ўрганишлар 2450 та ҳолатда қонун бузилиш ҳолатлари аниқланганини кўрсатди. Шуларнинг 1716 тасида ходимлар иш вақтидан ташқари ишга ҳамда 734 тасида дам олиш кунлари ишга жалб этилган.
Натижада 5261 та ташкилотга ёзма огоҳлантириш, 465 тасига ёзма кўрсатма берилган бўлса, 49 таси жаримага тортилган.
Давлат меҳнат инспекциясининг бу каби мониторинг тадбирлари давом этади.
Меҳнат ҳуқуқларингиз бузилган ҳолда Давлат меҳнат инспекциясининг dmi.mehnat.uz мурожаатлар cайти, 1176 – қисқа рақамли ишонч телефони ҳамда @mehnathuquqbot махсус телеграм ботига мурожаат қилинг!